Хитой хорижий IТ-мутахассислари учун янги “К визаси”ни ишга туширди
ASTANА. Кazinform — Шу ҳафтада Хитой хорижлик технология мутахассисларини жалб қилишга қаратилган янги виза дастурини ишга туширади, деб хабар беради АЗЕРТАДЖ.

Бу қадам Пекиннинг Вашингтон билан рақобатдаги геосиёсий мавқеини мустаҳкамлаши кутилмоқда, чунки АҚШнинг янги виза сиёсати хорижий номзодларни муқобил вариантларни излашга ундамоқда.
Хитойда малакали маҳаллий муҳандислар етишмаса-да, бу дастур Пекиннинг ўзини хорижий сармоя ва истеъдодларни жалб қилишга очиқ мамлакат сифатида кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. АҚШнинг янги тарифлари туфайли ўсиб бораётган савдо таранглиги мамлакатнинг иқтисодий келажагига таҳдид солар экан, Хитой хорижий сармоя ва туризмни рағбатлантириш учун бир қатор чоралар кўрди. Хусусан, хорижий инвесторлар учун кўпроқ секторлар очилиб, кўплаб Европа давлатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди.
Август ойида эълон қилинган “К визаси” фан, технология, муҳандислик ва математика (СТEМ) йўналишлари бўйича хорижий университетларнинг ёш битирувчилари учун мўлжалланган. Виза хорижликларга Хитойга келиши, иш берувчининг таклифисиз яшаш ва ишлаш имконини беради. Бу, айниқса, АҚШда ишлаш имконияти чекланганлар учун муқобил бўлиши мумкин.
Шу ой бошида Дональд Трамп маъмурияти юқори малакали хорижий мутахассисларни ёллашда кенг қўлланиладиган H-1B иш визаси учун компаниялардан йилига 100 минг доллар тўлашини талаб қилишини эълон қилди.
Жанубий Корея, Германия ва Янги Зеландия каби бошқа давлатлар ҳам чет эллик мутахассисларни жалб қилиш учун виза қоидаларини енгиллаштирмоқда.
Иммиграция бўйича экспертларнинг таъкидлашича, “К визаси”нинг асосий афзаллиги шундаки, у иш берувчи ҳомийлигини талаб қилмайди, бу эса H-1B визасини олишда асосий тўсиқлардан бири бўлган.
Бироқ, ваъдаларига қарамай, “К визаси” билан боғлиқ баъзи қийинчиликлар мавжуд. Хитой ҳукуматининг таклифларида "ёш, маълумот ва иш тажрибаси" бўйича талаблар аниқланмаган. Шунингдек, моддий рағбатлантириш, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, доимий яшаш ёки оилани бирлаштириш ҳақида маълумот йўқ. Қўшма Штатлардан фарқли ўлароқ, Хитой жуда кам ҳолларда чет эл фуқароларига фуқаролик беради.
Яна бир муҳим тўсиқ тил тўсиғидир: Хитойдаги аксарият технология компаниялари хитой тилида ишлайди, бу эса хитой тилини билмайдиган чет элликлар учун имкониятларни чеклайди.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Фуцзян провинцияси Европага биринчи арктика денгиз йўлини очди.