Ҳар бир қозоғистонлик йилига 212 тасини ейди: тухум бўйича статистик маълумотлар эълон қилинди

ASTANА. Кazinform – Йил давомида Қозоғистонда биринчи тоифали тухум нархи ўртача 13,8% га ошди. Ушбу маҳсулотнинг нархи ҳар бир ҳудудда ҳар хил. Энг қиммати Алматида, энг арзони эса Қизилўрдада қайд этилган. Бу ҳақда Кazinform агентлиги Ranking.kz маълумотларига таяниб хабар беради.

тухум
Фото: freepik

Республиканинг энг йирик шаҳарлари орасида биринчи тоифали тухумнинг энг юқори ўртача нархи Алматида қайд этилди, яъни ўнта тухум – 689 тенге. Энг паст нарх Қизилўрдада (464 тенге). Шундай қилиб, энг юқори ва энг паст нархлар ўртасидаги фарқ 225 тенге (тахминан 49%).

Экспертларнинг фикрига биноан, 22 июль ҳолатига кўра, мамлакатда ўнта биринчи тоифали тухумнинг ўртача нархи 564 тенгени ташкил этди.

Энг қиммат тухум сотадиган учта шаҳар алматидан кейин Талдиқорған (663 тенге) ва Қонаев (648 тенге). Бундан ташқари, республикада энг юқори нархлар Жезқазған (597 тенге) ва Астана (566 тенге) шаҳарларида кузатилди.

Аксинча, юқорида ёзганимиздек, энг арзон тухум Қизилўрдада (ўн дона - 464 тенге) сотилади. Кейинги ўринларда Орал (471 тенге), Ақтўбе (484 тенге), Атирау (488 тенге) ва Тараз (499 тенге) жойлашган.

Умуман олганда, ўтган йилдан бери биринчи тоифадаги тухум нархи ўртача 13,8% га ошди. Бу ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий нарх ўсишидан 2,5% га кўп.

Нархларнинг энг юқори ўсиши Талдиқорғанда қайд этилди, у ерда тухум 27,9% га қимматлашди. Ундан кейин Атирау (23,5%), Семей (23,4%), Қостанай (21,7%), Петропавл (21,7%) ва Ўскемен (21,2%) шаҳарлари.

Ўртача ўсиш суръатларидан юқори бўлган шаҳарлар қаторига Туркистон (19%), Жезқазған (18,9%), Алмати (18,6%), Павлодар (16,7%), Қонаев (14,6%) ва Орал(14,2%) киради.

Нархларнинг энг паст ўсиши Астанада қайд этилди, у ерда тухум атиги 2,9% га ошди. Қуйидаги шаҳарларда ҳам бошқа шаҳарларга қараганда нисбатан секинроқ ўсиш кузатилди: Чимкент (4,3%), Қизилўрда (4,8%), Тараз ва Қарағанди (8,1%), Ақтўбе (11,8%), Кўкшетау (12,4%) ва Ақтау (13,7%).

2025 йил натижаларига кўра, Қозоғистонда аҳоли жон бошига ўртача тухум истеъмоли 212 донани ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,9% га кўп. Энг кўп тухум истеъмоли Қарағанди вилояти аҳолисига тегишли (йилига ҳар бир кишига 320 дона). Энг паст кўрсаткич Манғистау вилоятида кузатилди. Нефтга бой ҳудудда ҳар бир киши йилига ўртача 144 та тухум истеъмол қилади.