Ҳар бир қадамни ҳар томонлама пухта ўйлаб, дадил ҳаракат қилиш керак – ҚР Президенти
ASTANА. Кazinform - 2029 йилга бориб Қозоғистон иқтисодиёти ҳажмини 450 миллиард долларга етказиш керак. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

“Биз янги Ҳукуматнинг биринчи кенгайтирилган йиғилишини бошлаймиз. Аввало, Бош вазир Олжас Абайули Бектеновни ушбу юксак лавозимга тайинлангани билан табриклайман. Ҳукумат муваффақиятли ишлашига ишонаман. Бугун биз ўтган йили амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиламиз. Шунингдек, биз келгуси даврнинг асосий вазифаларига эътибор қаратишимиз керак. Умуман олганда, ўтган йили иқтисодиётимиз 5,1 фоиз ўсди. Асосийси, мамлакат тараққиёт суръати пасаймаган”, - деди Давлат раҳбари.
Президент кеча собиқ Бош вазир Алихан Смаиловга миннатдорчилик билдирганини айтди.
“Аммо биз ҳозир жим ўтира олмаймиз, чунки олдимизда жуда кўп ишлар турибди. Бинобарин, Ҳукумат фаолиятига янги туртки бериш керак. Асосий мақсад барчангизга маълум. 2029 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 450 миллиард долларга етказишимиз керак. Яъни, ҳақиқий мақсад бор. Энди фақат ишлаш керак. Демак, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳар йили камида 6 фоизга ўсиши керак. Шунингдек, макроиқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда аҳолининг реал даромадлари ҳам тез суръатлар билан ўсиши керак. Бу жуда муҳим вазифа. Мухтасар қилиб айтганда, бизга сифатли ривожланиш керак. Шунинг учун ҳар бир қадамни ҳар томонлама пухта ўйлаб, дадил ҳаракат қилиш керак”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.