Грузия йилига 20 млн йўловчини қабул қила оладиган энг йирик халқаро аэропортни очади
АSTANА. Kazinform — Халқаро аэропорт 2031 йилга бориб Вазианида очилади ва Грузиянинг янги авиация хабига айланади, деб хабар беради Kazinform.
Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирининг ўринбосари Тамар Иоселианининг айтишича, ҳозирги Тбилиси халқаро аэропорти янги иншоот фойдаланишга топширилгандан кейин ўз ишини тўхтатади.
Янги аэропорт қуриш тўғрисидаги қарор йўловчилар оқимининг ортиши ва мавжуд Тбилиси аэропортининг кенгайиш имконияти чекланганлиги сабабли қабул қилинди.
— Вазиани аэропорти 2031 йил охирига бориб фойдаланишга топширилади. Унинг сиғими ҳозирги Тбилиси аэропортидан тўрт баравар юқори бўлади, бу йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатиш имконини беради, — деб таъкидлади вазир ўринбосари.
Янги аэропорт халқаро хавфсизлик ва хизмат кўрсатиш стандартларига жавоб берадиган замонавий халқаро авиация хаби сифатида лойиҳалаштирилган. Ҳукумат хусусий инвесторларни жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда, бу борада акцияларнинг назорат пакети давлатда сақланади.
Шунингдек, Грузия ҳукумати ҳозирги вақтда Тбилисининг мавжуд аэропортини кенгайтириш лойиҳасини амалга ошираётгани ҳақида хабар берилди. Яқин икки йилда унинг ўтказувчанлик қобилияти йилига 10 млн йўловчигача, терминаллар майдони эса 50 фоизга ошади. Инвестициялар ҳажми 150 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Иқтисодиёт вазирлигининг маълумотига кўра, ҳозирги вақтда Грузияга 125 тўғридан-тўғри рейс хизмат кўрсатмоқда, бозорда 77 авиакомпания фаолият юритмоқда. 2025 йилда Тбилиси, Кутаиси ва Батуми аэропортлари 8,5 млн йўловчига хизмат кўрсатди, бу рекорд кўрсаткич бўлди.
— Биз узоқ муддатли мақсадлар ва аниқ талабга асосланиб мамлакатнинг барча аэропортларини — Тбилиси, Кутаиси ва Батумини босқичма-босқич ривожлантириб келмоқдамиз. Вазиани халқаро аэропортининг очилиши Грузиянинг минтақавий транспорт ва транзит хаби сифатидаги ролини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади, — деб таъкидлади Тамар Иоселиани.
Эслатиб ўтамиз, Чимкентдан Грузияга янги рейс йўлга қўйилди.