Грузия ва Дубайдаги киберфирибгарлар ҳиндистонликларнинг ҳисоблари орқали 19 млн доллар ўғирлади

АSTANА. Kazinform — Грузия ва Дубайда фаолият юритган киберфирибгарлар Ҳиндистоннинг Раджастан штати аҳолисининг банк ҳисоблари орқали тахминан 19 млн долларгача маблағни қонунийлаштириб олган, деб хабар беради NGnewsgeorgia.

Киберфирибгарлик
Фото: newsgeorgia.ge

Ҳиндистон ҳукумати «Cyber Hunt» («Кибер ов») кодли операция натижасида халқаро тармоқ фош этилганини январь ойида маълум қилган.

Тергов маълумотларига кўра, схема қуйидагича ишлаган: Дубайда жойлашган учта оператор рақамли ҳамёнлар, банк каналлари ва воситачилик платформалари орқали пул ҳаракатини назорат қилган, Грузиядаги асосий мувофиқлаштирувчи турли юрисдикциялар ўртасидаги транзакцияларни бошқарган.

Маблағ аввал Раджастандаги сохта ҳисобларга тушиб, кейин изини йўқотиш мақсадида турли молиявий воситалар орқали дарҳол чиқариб олинган.

Иш бўйича икки асосий гумонланувчи Гужарат штатида қўлга олинган, иккаласи ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушганидан сўнг мамлакатдан чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Уларнинг бири — хусусий банк ходими Каушал Кумхар бўлиб, у хизмат имкониятларидан фойдаланиб, кўплаб банк ҳисобларини оммавий очишда ёрдам берган.

Фирибгарлар фуқароларнинг шахсий маълумотларини жамоат жойларида — университетлар яқинида, одамлар кўп юрадиган кўчаларда ва вокзалларда вақтинчалик киосклар ва чодирлар ўрнатиб, «давлат имтиёзлари» ёки «молиявий ёрдам» ваъда қилиш орқали йиғган.

Ҳисоб эгалари, асосан, даромади паст ишчилар, ишсиз ёшлар ва талабалар, ўз ҳисобларининг шубҳали операциялар учун фойдаланилаётганини билмаган.

— Ҳисоблар фақат транзит канал сифатида қўлланилди. Пул тушган заҳотиёқ чиқариб олинган, — деди терговда иштирок этган катта офицер.

Полиция терговни давом эттирмоқда: ҳуқуқ-тартибот органларининг диққат марказида бошқа банк ходимлари, ҳисоб очиш агентлари ва молиявий воситачилар ҳам бор. Ҳиндистон аҳолисига ҳужжатларини бегона шахсларга бермаслик, ҳисоб очиш мақсадини диққат билан текшириш ва шубҳали операциялар ҳақида киберполицияга дарҳол хабар бериш бўйича огоҳлантириш берилди.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда хакерлар интим видеоларни сотиш учун 120 000 та кузатув камерасини бузиб киришди.

Сўнгги хабарлар