Гонконгда илк марта коронавирусни қайта юқтириш ҳолати аниқланди

Вирусни тадқиқ қилиш, унинг РНКси дастлабки инфекцияни келтириб чиқарган SARS-Cov-2 штаммининг генетик кодидан сезиларли даражада фарқ қилиши маълум бўлди.
Олимлар Covid-19 вирус билан касалланган одамларда вирусга қарши иммунитет пайдо бўлишини билишади, аммо бу ҳимоя қанчалик самарали ва қанча давом этиши номаълум. Гонконгдаги ушбу ҳолат дунё бўйлаб 800 000дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган вирусга қарши иммунитет жуда қисқа вақт сақланишини англатади.
33 ёшли гонконглик Covid-19 касаллигидан даволаниб апрель ойида касалхонадан чиқарилган, шифокорлар унинг тўлиқ даволанганини айтишган. Аммо, у август ойида Испанияга сафардан қайтгач, аэропортда мажбурий синовдан ўтди. Натижалар унинг яна вирус юқтирганини тасдиқлади.
Аввалроқ, Хитой расмийлари вирусни қайта юқтиришнинг бир нечта ҳолатлари ҳақида хабар беришганди. Уларнинг сўзларига кўра, беморларнинг 5-15 фоизида иккинчи марта коронавирус инфекцияси аниқланган. Аммо у одамлар ҳақиқатан ҳам касалликка иккинчи марта чалинганми ёки биринчи марта касал бўлганларида тўлиқ даволанмаганми – бу ёғи аниқ эмас.