Голландия компаниялари Қизилўрда вилоятига 15 миллион евро сармоя киритади
Голландия компаниялари Қизилўрда вилоятидаги соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳаларига 15 миллион евро сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими ўринбосари Ардақ Зебешев маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

Ҳокими ўринбосарининг айтишича, биринчи лойиҳа вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
“Лойиҳадан кўзланган мақсад – янги технологияларни қўллаш орқали хизмат харажатларини камайтириш ва беморларга хизмат кўрсатиш. Телетиббиёт лойиҳаси голландиялик ҳамкорларнинг иловасидан фойдаланишдан иборат бўлади. Бу эса аҳоли фаровонлигининг яхшиланишига олиб келиши керак”, – деди Ардақ Зебешев.
Илова онлайн консультациялар ўтказиш ва тиббий гуруҳларни мувофиқлаштириш учун қўлланилади, бу саёҳатлар сонини камайтиради ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яхшилайди.
Иккинчи лойиҳа Орол денгизи яқинида саксовул экишга қаратилган.
“Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Қизилўрда вилоятида йилига 100 минг гектарга яқин майдон экилади. Голландия компанияси минтақага сармоя киритиб, 80 минг гектар майдонга бу дарахт экишдан манфаатдор. Бироқ, биринчи босқичда 10 минг гектар майдонга экиш режалаштирилган”, – деди Зебешев.
Умумий сармоя миқдори 15 миллион еврони ташкил этади, шундан 10 миллион евро соғлиқни сақлаш лойиҳасига, 5 миллион евро эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳасига ажратилади.