Германия жануби кучли сув тошқини билан юзма-юз келди
Германиянинг жанубий ҳудудлари кучли сув тошқинидан азият чекмоқда. Айниқса, Бавария ва Баден-Вюртемберг штатларида вазият оғир: аҳоли эвакуация қилинмоқда, бир қатор жойларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, деб хабар беради Kazinform.

Германия жанубидаги бир қанча дарёлар кучли ва узоқ давом этган ёмғир туфайли тошиб кетди. Немис об-ҳаво хизмати аллақачон квадрат метр учун 150 литргача бўлган "экстремал ёғингарчилик" ҳақида огоҳлантирган эди ва энди бу прогноз амалга ошаётган кўринади.
Айни пайтда Бавария штатининг бир қатор туманларида (Гюнцбург, Аугсбург, Айхах-Фридберг ва Ной-Ульм) фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Одамлар қайиқ ва вертолётларда эвакуация қилинмоқда.
Рот, Остербах ва Бибер дарёлари атрофида айниқса кескин вазият юзага келди. Аугсбургда тўғон бузилган. Аугсбург расмийларига кўра, яқин соатларда сув сатҳи сезиларли даражада кўтарилиши мумкин.
Боденс кўли атрофидаги вазият ҳам ташвишли. Меккенбойренда 1300 кишидан вақтинча бошқа жойда қолиш сўралган. Шаҳар вакилининг айтишича, бу мажбурий эвакуация эмас, балки тавсиядир.
Германия об-ҳаво хизмати Бавария ва Баден-Вюртемберг муниципалитетларини кучли бўрон ҳақида огоҳлантирди. Бу қоида якшанба куни ҳам аксарият жойларда ўз кучида қолади.
Кучли ёмғир туфайли автомобиль йўлида ҳам кўплаб автоҳалокатлар содир бўлди, баъзи ҳайдовчилар жароҳат олди. Ўт ўчирувчилар уйларга сув кирмаслиги учун қум қопларини жойлаштиришга ёрдам беришмоқда, аммо шунга қарамай, кўплаб ертўлалар аллақачон сув остида.
Германия жанубидаги кўплаб поездлар қатнамайди.