Германия пенсия ёшини ошириши мумкин

ASTANА. Кazinform — Германия ҳозирда пенсия ёшини босқичма-босқич 65 ёшдан 67 ёшгача ошириш жараёнида. Бу жараён ўн йилликнинг охирига қадар якунланиши керак. Бундан ташқари, фуқаролар камида 35 йиллик иш тажрибасига эга бўлса, 63 ёшдан пенсияга чиқишлари мумкин, деб хабар беради DW.

Пенсия ёши
Фото: Pexels

Ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи Христиан демократик иттифоқи қошидаги Иқтисодий кенгаш пенсия ёшини янада оширишга чақирди. Кенгаш бош котиби Вольфганг Штайгер бу борада Швеция, Дания ва Нидерландиядан ўрнак олиш зарурлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, "пенсия ёшини 67 ёшдан юқори даражага мунтазам равишда ошириш, пенсия захираларини тўплаш ва нафақага чиққан авлодни қариш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга жалб қилиш бу мамлакатларда барқарор пенсия тизимини шакллантиришнинг асосий механизмлари ҳисобланади".

Янги Германия ҳукуматининг асосий мақсадларидан бири пенсия сиёсатининг янги концепциясини ишлаб чиқишдир. Коалиция келишуви пенсия миқдорини аввалги иш ҳақининг 48 фоизи миқдорида сақлаб қолишни ва 63 ёшдан бошлаб пенсияга чиқиш кафолатини назарда тутади. Бироқ, танқидчилар бу чоралар пенсия суғуртаси тизимига юкни ошириши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Франция парламенти пенсия ислоҳотини тўхтатиб туришни қўллаб-қувватлади.

Сўнгги хабарлар