Германия божхонаси ҳайкалчалар ичидан 1 миллион евролик гиёҳванд моддаларни топди
ASTANА. Кazinform — Германиядан Канада ва Австралияга жўнатилган боғ гномлари ҳайкалчалари ичидан 1 миллион евролик 25 килограмм кетамин топилди. Божхона ходимлари Кёльн/Бонн аэропортида ноқонуний юкни мусодара қилишди, деб хабар беради DW.
Кёльн/Бонн аэропортида божхона ходимлари олтин рангга бўялган боғ гномлари ҳайкалчалари ичида яширинган тахминан 25 килограмм кетаминни топдилар. Божхона маълумотларига кўра, ноқонуний юкнинг умумий қиймати тахминан 1 миллион еврога баҳоланмоқда.
— Гиёҳванд моддалар тахминан бир ой олдин Германиянинг жанубидан Канада ва Австралияга юборилган 4 та посилкани рентген текшируви пайтида топилган. Хусусан, шакли аниқ ўзгарган боғ гномларининг оёқлари шубҳа уйғотди, — деди Кёльн божхонаси вакили Йенс Ахланд.
Кёльн божхонаси томонидан кетамин мусодара қилинди
Кетамин, айниқса, зиёфатларда машҳур гиёҳванд моддадир. Уни қора бозорда кокаин нархининг ярмига сотиб олиш мумкин. DPA маълумотларига кўра, кетамин кўпинча Европадан дунёнинг бошқа қисмларига контрабанда йўли билан олиб ўтилади.
Ўтган йили Кёльн божхона ходимлари 54 миллион еврога тенг 1,3 тонна кетаминни мусодара қилишган. Бир ҳафта олдин Кёльн божхона ходимлари Франкфурт-Майн томон А3 автобанида кетаётган нидерландиялик таксида йўловчи бўлган 36 ёшли британияликнинг юкидан 33 килограмм кетамин топдилар. Гиёҳванд моддалар солинган 30 та пакет уларни яшириш учун совға қоғозига ўралган эди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия шоу-бизнесидаги гиёҳванд моддалар можароси: 19 киши ҳибсга олинди.