G20 мамлакатларидаги миллиардерларнинг бойликлари бир йил ичида 2,2 триллион долларга ошди – Охfаm

ASTANА. Кazinform – G20 мамлакатларидаги миллиардерларнинг умумий бойлиги сўнгги бир йил ичида 16,5 фоизга ўсиб, 15,6 триллион долларга етди. Бу ҳақда Forbes нашрига таяниб, Охfam халқаро хайрия ташкилоти хабар берди, деб ёзади DW.

бойлик
Фото: Canva

Ташкилот маълумотларига кўра, дунёда қашшоқлик чегарасидан пастда яшовчи 3,8 миллиард одамга ёрдам бериш учун тахминан 1,65 триллион доллар етарли (Жаҳон банки бу чегарани кунига бир киши бошига 8,3 доллардан паст даромад сифатида белгилайди).

22 ноябрь куни Жанубий Африкада G20 саммити бошланишидан олдин Охfam Германия канцлери Фридрих Мерц ва бошқа дунё етакчиларини кам даромадли мамлакатларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, шунингдек, ўта бойларга солиқларни оширишга чақирди.

Охfam ижтимоий адолат департаменти раҳбари Тобиас Хаушильд ўсиб бораётган тенгсизликни "инсоният учун жиддий таҳдид" деб таърифлади.

“Дунёнинг ҳар бир бурчагида тенгсизликнинг кучайиб бориши инсоният учун таҳдиддир. Бу миллионлаб одамларни иқтисодий қийинчиликларга дучор қилмоқда, сиёсий бўлинишларни чуқурлаштирмоқда ва демократияни издан чиқармоқда. Ҳукуматлар ривожланаётган мамлакатларга ёрдамни қисқартираётган бир пайтда, ўта бойлар ҳали ҳам солиқларнинг адолатли улушини тўламаётгани мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас”, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ G20 виртуал саммити ноябрь ойида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар