Францияда узум ҳосили сўнгги 30 йилдаги энг паст даражага тушиши мумкин
ASTANA. Kazinform – Кучли иссиқ ва қурғоқчилик туфайли Францияда бу йил узум ҳосили кескин камайиб, узумдан ҳосил йиғиш бўйича сўнгги 30 йилдаги энг паст кўрсаткичлардан бири қайд этилиши мумкин, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Европадаги мухбири.
Франция Қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозларига кўра, 2026 йилда мамлакатда тахминан 33,9 млн гектолитр вино ишлаб чиқарилади. Бу 2025 йилга нисбатан 6 фоизга, 2021-2025 йиллардаги ўртача кўрсаткичга нисбатан эса 17 фоизга кам.
Агар прогноз тасдиқланса, бу йилги ҳосил сўнгги 30 йилдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлади. Халқаро узум ва вино ташкилоти (OIV) маълумотларига кўра, бу 1957 йилдан бери қайд этилган энг паст натижа бўлиши мумкин. Прогноз қилинаётган вино ҳажми тахминан 4,5 млрд стандарт шиша идишга тенг.
Франция Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Agreste статистика хизмати таъкидлашича, ҳосилнинг камайишига узумзорлар майдонининг тахминан 2,5 фоизга қисқариши эмас, балки, аввало, ноқулай об-ҳаво шароити таъсир кўрсатган.
“Ёз жуда иссиқ ва қуруқ келди. Мамлакат ҳудудида тупроқдаги намлик танқислиги кучайиб, кучли иссиқ узумнинг қуёшда куйишига, баргларининг тўкилиб кетишига ва меваларининг сўлишига олиб келди”, – дейилади идора ҳисоботида.
Энг оғир вазият Шампань минтақасида юзага келган. Бу ерда август ойи ўртасидаги баҳолашларга кўра, узум ҳосили ўтган йилга нисбатан 49 фоизга, сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан эса 47 фоизга кам бўлиши прогноз қилинмоқда. Узум бошларининг оғирлиги сўнгги 20 йилдаги энг паст даражага етган.
Бургундия ва Божоледа ҳосил ҳажми тахминан учдан бир қисмга, Луара водийсида эса 12 фоизга камайиши мумкин. Юра минтақасида эса ҳосил тахминан 37 фоизга камайган.
Мамлакатдаги энг йирик вино ишлаб чиқарувчи ҳудуд — Лангедок-Руссильонда ҳосил ҳажми ҳосил миқдори паст бўлган 2025 йилга нисбатан 5 фоизга ошиши кутилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич ҳам кўп йиллик ўртача даражадан паст бўлади.
Бордо шаҳри ва унинг атрофида август ойида ёққан ёмғирлардан кейин ўтган йилга нисбатан 10 фоиз ўсиш прогноз қилинмоқда. Бироқ бу ердаги ҳосил ҳажми ҳам сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичга етмайди.
Кучли иссиқ узумнинг эрта пишишига олиб келгани сабабли, Франциянинг кўплаб ҳудудларида, шунингдек, Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам узум терими одатдагидан эртароқ бошланди.
Франция Италиядан кейин дунёдаги иккинчи йирик вино ишлаб чиқарувчи мамлакат ҳисобланади. Агар бу йилги прогноз тасдиқланса, мамлакатда кетма-кет учинчи йил ҳосил миқдори паст бўлади. Бундан олдин ҳам 2024 ва 2025 йилларда узум ҳосили камайган эди.
Франция ҳукумати аввалроқ рекорд даражадаги кучли иссиқдан зарар кўрган фермерларга 1 млрд евродан ортиқ миқдорда фавқулодда ёрдам пакетини эълон қилган эди. Ноқулай об-ҳаво шароити узумзорлар билан бир қаторда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларига ҳам таъсир кўрсатди.