Франция бир аср олдин қатл этилган қиролнинг бош суягини Мадагаскарга қайтарди
ASTANA. Kazinform — Франция Мадагаскарга учта бош суягини, жумладан, 1897 йилда француз мустамлакачи қўшинлари томонидан бошидан жудо қилинган қирол Тоэранинг тахминий бош суягини қайтариб берди, деб ёзди France 24.

Ушбу воқеани орол аҳолиси йигирма йилдан ортиқ кутди, бу Франциянинг 2023 йилдаги давлат коллекцияларида бўлган инсон қолдиқларини қайтариш тўғрисидаги қонунининг биринчи амалий қўлланиши бўлди, деб таъкидлади телеканал.
France 24 телеканалига кўра, қирол Тоэра XIX аср охирида француз мустамлакасига қаршилик кўрсатган Мадагаскарнинг ғарбий соҳилидаги Сакалава этник гуруҳининг етакчиларидан бири бўлган. Унинг омма олдида қатл этилиши оролдаги мустамлакачилик зўравонлигининг рамзига айланган.
Бош суяги Париждаги Инсон музейида 128 йил давомида мустамлака даврининг ўлжалари сифатида сақланган. Ыиролнинг авлодлари уларни қайтариш тўғрисида 2003 йилдаёқ мурожаат қилган. Мадагаскар ҳукумати вакилларига қолдиқлар Париждаги Маданият вазирлиги биносида вазирлик раҳбари Рашида Дати ва Мадагаскар маданият вазири Воламиранти Донна Маре иштирокида ўтказилган расмий маросимда топширилди. Жасад қолдиқлари Мадагаскарга 31 август куни жўнатилиши керак.
Телеканалнинг таъкидлашича, Мадагаскар учун жасадларнинг қайтарилиши чуқур рамзий маънога эга. Мадагаскар президенти Андрей Раджоэлина буни 2019 йилги сайловолди ваъдаларидан бирига айлантирди. Қолдиқлар 2024 йил апрель ойида қайтарилиши тахмин қилинган эди, бироқ қиролнинг авлодлари маҳаллий анъанага кўра омадсиз ҳисобланган йил танлангани туфайли бу қарорга қарши чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Франция Сенегалдан сўнгги ҳарбий қисмларни олиб чиқиб кетди.