FIFA президенти Россия жамоаларига қўйилган чекловларни бекор қилишни таклиф қилди

ASTANA. Kazinform – Халқаро футбол федерацияси (FIFA) президенти Жанни Инфантино Россия жамоаларини халқаро турнирлардан четлаштириш масаласини қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда DW ёзган.

Джанни Инфантино
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

“Биз бунга эътибор қаратишимиз керак. Чунки бу тақиқ ҳеч қандай натижа бермади, аксинча, умидсизлик ва нафратни кучайтирди”, – деди Инфантино Sky News телеканалига берган суҳбатида.

Унинг сўзларига кўра, агар Россиядан келган қизлар ва ўғил болалар Европанинг бошқа қисмларида футбол ўйнашлари мумкин бўлса, бу фойдали бўлар эди.

Шунингдек, ФИФА раҳбари Исроил жамоаларининг мусобақаларда иштирок этишига тақиқ қўйилишидан норозилигини билдирди. Унинг фикрича, бундай қарор мағлубият деб ҳисобланади.

Инфантино ФИФА қоидаларига ўзгартириш киритиш имкониятини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташкилот ўз низомида "сиёсий раҳбарларнинг ҳаракатлари туфайли ҳеч бир мамлакат футбол ўйнашдан четлаштирилмаслиги керак" деган тамойилни мустаҳкамлаши керак. Унинг қўшимча қилишича, футбол орқали алоқаларни сақлаб қолиш муҳим.

Россия терма жамоалари ва клублари 2022 йилда ФИФА ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) доирасидаги мусобақалардан четлатилган эди. The Times нашрининг хабар беришича, ФИФА кенгаши бу масала бўйича овоз беришни ҳали режалаштирмаган.

2023 йилда ФИФА Россиянинг 17 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар терма жамоаларига қўйилган тақиқни бекор қилган бўлса-да, амалда чекловлар сақланиб қолди. Сабаби, мамлакатнинг ўсмирлар жамоалари УЕФА саралаш мусобақаларида иштирок эта олмайди. Хусусан, Англия, Украина, Польша ва Швеция Россия жамоалари билан ўйнашдан бош тортди.

Сўнгги хабарлар