Европа Иттифоқи ўзгариши керак - Олаф Шольц

None
STRASBURG. Kazinform - Германия канцлери Олаф Шольц Франциянинг Страсбург шаҳрида Европарламентда депутатлар олдида нутқ сўзлади ва Европа Иттифоқи келажагини муҳокама қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Бу Европа» дебатлари доирасида Германия вакили Европарламентнинг анъанавий тарзда Страсбургда бўлиб ўтадиган сайёр сессиясига алоҳида таклиф қилинди.

Канцлер Олаф Шольц Европа ўз чегараларидан ташқарида ҳам глобал масъулиятга эга эканлигини таъкидлади, «чунки Европа фаровонлигини дунёнинг қолган фаровонлигидан ажратиб бўлмайди». Унинг фикрича, ХХI асрда дунё кўп қутбли бўлади.

Шу муносабат билан О. Шольц Европа Иттифоқи учун учта сабоқни ажратиб кўрсатди.

«Биринчидан, Европанинг келажаги бизнинг қўлимизда. Иккинчидан, Европа қанчалик интеграциялашган бўлса, яхши келажакни таъминлаш шунчалик осон бўлади. Учинчидан, ишлар тартибида очиқлик ва ҳамкорлик кўпроқ бўлиши керак», — деди Германия канцлери.

Немис сиёсатчиси фикрича, Европанинг эртанги дунёда ўрнини таъминлаш учун Европа Иттифоқи ўзгариши керак.

«Бизга кенгайган ва ислоҳ қилинган, келажакка очиқ Европа Иттифоқи керак», - деди у.

О. Шольц глобал жануб мамлакатлари кўп қутбли дунёда муҳим ҳамкорлар эканини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Европа озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоя қилиши, қашшоқликни камайтириши, иқлим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ўз мажбуриятларини халқаро форматда бажариши керак.

«Бизни қадриятларимизга хиёнат қилмасдан, ноқонуний миграцияни яхшироқ бошқариш ва тартибга солиш мақсади бирлаштирди», - деб таъкидлади О. Шольц миграция ва бошпана сиёсати ҳақида гапирар экан.

Унинг сўзларига кўра, Европанинг кўп жойларида учинчи давлатлардан ишчилар талаб қилинади.

Муаллиф: Арнур Раҳимбеков


Сўнгги хабарлар
telegram