Европа Иттифоқи Googleга 890 миллион евро жарима солди

ASTANА. Кazinform – Европа Комиссияси Googleга Рақамли бозорлар қонунини (DMA) бузгани учун 890 миллион евро жарима солди. Шундай қилиб, 2024 йил март ойида бошланган тергов якунланди, деб хабар беради Euronews.

Google
Фото: Аnadolu

Регуляторнинг маълумотларига кўра, Google ўзининг Google Shopping, Google Hotels ва Google Flights каби хизматларига устувор аҳамият бериб, қидирув натижаларида рақобатдош хизматларнинг кўринишини чеклаган. Компания шунингдек, илова ишлаб чиқувчиларига фойдаланувчиларга илова дўконидан ташқарида муқобил тўлов усуллари ва фойдали таклифлар ҳақида маълумот беришни тақиқлаган.

Европа Комиссияси Googleга аниқланган қоидабузарликларни 60 кун ичида бартараф этишни буюрди. Агар талаб бажарилмаса, компания глобал йиллик айланмасининг 5 фоизигача қўшимча жаримага тортилиши мумкин.

Google бу қарорга қўшилмаслигини билдирди. Компаниянинг глобал ишлар бўйича президенти Кент Уокер Европа Иттифоқи томонидан талаб қилинган ўзгаришлар хизматлар сифатини пасайтириши ва Европа фойдаланувчилари ва бизнесига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Унинг сўзларига кўра, компания ўзгаришларни синаб кўришни бошлаган, аммо жаримага шикоят қилиш-қилмаслигини ҳали эълон қилмаган.

Брюсселнинг қарори Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги кескинликни кучайтириши мумкин. Дональд Трамп маъмурияти илгари Европанинг Америка технология компанияларини тартибга солишини танқид қилган ва амалдаги савдо режими тугаганидан кейин янги савдо тарифларини жорий этишга тайёрланаётганини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Москва суди Googleга яна 15 миллион рубль жарима солди.