Европа Иттифоқи давлатлари коронавирусга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда
Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви муносабати билан Aвстрия ҳукумати эндиликда аҳолидан ресторанлар, тунги клублар, спорт марказлари, маданият муассасалари ва сартарошхоналарга ташриф буюриш учун тўлиқ эмланганликлари ёки коронавирус билан касалланиб, тузалганлигини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилди.
Aвстрияда ҳозиргача 11 мингдан ортиқ одам коронавирус билан касалланган.
Германияда Берлин Сенати 18 ёшдан ошган эмланмаган шахслар ёзги терассиз кафе ва ресторанлар, сартарошхоналар ва кинотеатрларга кириши тақиқлангани ҳақида қарор чиқарди. Бундай қарор касалланганлар сони ортгани сабабли қабул қилинган. Чоршанба куни Германияда пандемия бошланганидан бери энг кўп ҳолатлар қайд этилди ва касалхоналардаги, айниқса пойтахтдаги вазият ёмонлашди.
Чоршанба куни 12,700 та янги коронавирус инфекцияси қайд этилган Нидерландияда жиддий чекловлар жорий этилиши мумкин. Бир гуруҳ эпидемиологлар ҳукуматни икки ҳафталик қисқа муддатли изоляция режимини эълон қилишга чақиришди. Мазкур чора ушбу даврда кинотеатрлар ва театрларни ёпишни, шунингдек, бошқа оммавий тадбирларни бекор қилишни назарда тутади. Мутахассислар умумий овқатланиш корхоналарининг ёпилиш вақтини чеклашни ҳам таклиф қилишди.
Бельгияда ҳам COVID-19 инфекциялари сони ортди. Бироқ ҳозирча бельгиялик сиёсатчилар аҳолини масофадан ишлашга қайтишга чақиришди. Бельгия ҳукумати ҳузуридаги Маслаҳат қўмитаси келаси ҳафта эпидемиологик вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилади. Бундан ташқари, Брюссель ҳудуди аҳолини коронавирус вакцинасининг «бустер» дозаси билан эмлаш учун 2022 йил апрелигача тўртта эмлаш марказини очиқ ҳолда ушлаб туришни режалаштирмоқда.
Бельгия Соғлиқни сақлаш вазирлари декабр ойининг ўрталаридан бери Johnson&Johnson вакцинаси билан бир марта эмланган одамлар учун қўшимча эмлашни тасдиқлади.
Муаллиф: Aрнур Раҳимбеков