Эрдоған ва аш-Шараа Сурияни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди

ASTANA. Kazinform - Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шараа Анқарада учрашув ўтказди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Euronewsга таяниб.

Эрдоған ва аш-Шараа Сурияни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди
Фото: x.com/RTErdogan

Сурия муваққат раҳбари Аҳмад аш-Шараа ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Сурия иқтисодиёти ва қуролли кучларини тиклаш, шунингдек, хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувдан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Эрдоған “Туркиянинг Сурияга нисбатан сиёсатининг асоси ҳар доим унинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини сақлаш бўлган” деди.

Туркия раҳбари Суриянинг вайрон бўлган шаҳарларини қайта тиклашга ёрдам беришга ваъда берди ва иқтисодий тараққиёт жадаллашгани сари қочқинларнинг ихтиёрий равишда қайтиш даражаси ҳам ошишини таъкидлади.

— Араб ва ислом дунёси бу жараёнда янги маъмурият ва Сурия халқига зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиши муҳим, — деди Эрдоған.

Аш-Шараа Туркияга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва Эрдоғанни яқин келажакда Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди.

13 йиллик фуқаролар уруши даврида Башар Асадга қарши бўлган гуруҳларни фаол қўллаб-қувватлаган Анқара Суриянинг янги маъмуриятининг асосий иттифоқчиси саналади.

Бу Суриянинг янги раҳбарининг иккинчи хорижий ташрифидир. Икки кун аввал у Ар-Риёдга ташриф буюриб, у ерда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Сурия икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни тиклашга қаратилган муҳим қадамларни ўз ичига олган савдо алоқалари бўйича йўл харитасини амалга оширишга киришгани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар