Энди тошкентликлар ўз уйи ҳақида интерактив ҳаритадан маълумот олишлари мумкин

TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Age Tashkent лойиҳасини ишга туширди. Унда танланган вақт оралиғини ёки аниқ йилни қўллаган ҳолда Тошкентдаги биноларнинг ёшини аниқлаш имконияти мавжуд, деб хабар беради Kazinform шаҳар ҳокимлиги сайтига асосланиб.
None
None

«Лойиҳадан фойдаланиш бўйича оддий йўриқнома: харитада сизни қизиқтирган бинони топинг, унга босинг ва керакли маълумотларга – қурилиш санаси, бинонинг тури (турар жой биноси, маъмурий бино) ва бошқа маълумотларга эга бўлинг.


Сайилгоҳ яқинида жойлашган Тошкент юридик университети (собиқ гимназиялар) биносига босиб, унинг ёшини текширамиз.

Қурилиш санасини — 1878 йил, бино манзили ва координаталарини ҳамда қўшимча маълумотларни билиб олинг: бино маданий мерос ва олий таълим муассасалари объектларига киради.
Қурилган йилига қараб барча бинолар турли рангларда белгиланган. Экраннинг ўнг қисмида берилган диапазондаги, масалан, 1944 ва 1998 йиллар оралиғида қурилган биноларни кўрсатиб турувчи «градусник» жойлашган. Биноларнинг ранги ҳам тасодифан танланган эмас. Қадимгироқ бинолар тўкилувчи материаллар – улар қурилишида қўлланилган сомон ва лой рангида акс эттирилган. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган.

Бинонинг ёши ёки бошқа маълумотларида хатолик топсангиз, у ҳақида қайта алоқа орқали маълумот беринг, бу дастурчиларга маълумотлар базасини созлаш ва такомиллаштириш имконини беради.

... Экраннинг чап қисмидаги қулф белгисига босиб «Сирли хонани» очинг, у Тошкентнинг чегараларини йилидан келиб чиқиб, кўрсатиб бера олади. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.
Age Tashkent — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ўнлаб мутахассислари ишининг натижасидир. Лойиҳа Тошкентнинг бой тарихи, унинг меъморий ва археологик меросини шахсан кўриб, ҳақиқий баҳо бериш имкониятини беради.
Қурилмалар ёшини визуаллаштириш лойиҳасини Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган Building Age Maps челленжи илҳомлантирди. Бинолар ёшини кўрсатувчи бундай интерактив карта пайдо бўлган илк Марказий Осиё мамлакати эса Ўзбекистондир», - дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар