Электрон тижорат бозори: маркетплейсларда қайси маҳсулотлар кўпроқ сотилмоқда
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда электрон тижорат улуши қандай? 2024 йилда бу кўрсаткич қанчалик ўсди? ҚР Савдо ва интеграция вазирлигидан олинган маълумотларни тақдим этамиз.

2024 йилда сезиларли ўсиш кузатилди
Электрон тижоратнинг расмий статистикасини Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги қошидаги Миллий статистика бюроси юритади. 2023 йилда чакана савдо ҳажмида электрон тижоратнинг улуши (маркетплейсларни қўшиб ҳисоблаганда) 12,7% ни ташкил этган (ўсиш +0,2 п.п.), шундан маркетплейслар улуши – 79,7%.
“Умуман олганда, электрон тижорат бозори жадал ривожланмоқда. 2024 йил охиригача маркетплейслардан жамланган тезкор маълумотларга кўра, электрон тижорат ҳажми тахминан 3 триллион тенгени ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 33% ўсиш (+0,8 триллион тенге) ва умумий чакана савдодаги улуши 14% атрофида”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Миллий статистика бюросига кўра, 2024 йилда ички бозордаги чакана савдо ҳажмида электрон тижорат (маркетплейслар билан) улуши 14,1% ни ташкил этган. Бозор ҳажми – 3 156,4 миллиард тенге.
Шундан:
- Маркетплейслар орқали чакана савдо – 2 679,8 миллиард тенге (84,9%)
- Шахсий интернет-ресурслар орқали маҳсулот сотган чакана савдо субъектлари – 476,5 миллиард тенге (15,1%)
Маркетплейслар орқали энг кўп сотилган маҳсулотлар:
- Телефонлар ва гаджетлар – 27,4%
- Маиший техника – 13,3%
- Кийим, пойабзал ва спорт товарлари – 10,3%
- Компьютерлар, ноутбуклар, дастурий таъминот ва бошқа техника – 5,7%
Маркетплейслар орқали кўрсатилган хизматлар бўйича:
- Юк ташиш хизматлари – 29,5%
- Йўловчи ташиш хизматлари – 29,4%
- Транспорт жойларини брон қилиш – 25%
- Маркетплейсларда чакана товарлар учун ўртача чек – 17 572 тенге, хизматлар учун – 3 274 тенге бўлган.

Шахсий интернет-ресурслар орқали энг кўп сотилган товарлар:
- Косметика ва парфюмерия – 22,4%
- Маиший техника – 13,4%
- Дорихоналар маҳсулотлари – 11,8%
- Телефонлар ва гаджетлар – 10,1%
- Заргарлик буюмлари – 8,7%
- Озиқ-овқат маҳсулотлари – 8,3%
Кўрсатилган хизматлар орасида энг катта улуш:
- Чипталар ва транспорт жойларини брон қилиш – 30,5%
- Йўловчи ташиш хизматлари – 23,9%
- Бошқа гуруҳларга кирмайдиган хизматлар – 18,6%
2024 йилда шахсий интернет-ресурс орқали чакана савдода ўртача чек:
- Маҳсулотлар учун – 39 179 тенге
- Хизматлар учун – 15 243 тенге
Маркетплейсларга шикоятлар кўпайгани ростми?
Фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда келиб тушган барча шикоятларнинг тахминан 23% и электрон тижоратга тааллуқли. Фуқаролар асосан маҳсулот ва сотувчи ҳақидаги маълумотнинг йўқлиги, маҳсулот тавсифининг реал ҳолатга тўғри келмаслиги, маҳсулот ва пул қайтарилиши билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган.
“Шикоятларнинг 58% дан зиёди ижтимоий тармоқларда (Instagram, WhatsApp, Facebook, Telegram ва бошқалар) амалга оширилган онлайн савдоларга оид. Улар электрон тижорат майдонлари (маркетплейслар) билан бевосита боғлиқ эмас. Ҳозирда фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу масалалар юзасидан жадал ҳамкорлик механизмларини жорий қилган (электрон почта, WhatsApp чатлари ва ҳоказо). Шунингдек, ҳозирги пайтда Савдо вазирлиги электрон тижорат соҳасида бир қатор йўналишларда иш олиб бормоқда. Улардан бири – қонунчиликни такомиллаштириш”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Халқаро маркетплейслар бўйича янги солиқ ислоҳотлари режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, халқаро маркетплейслар фаолияти юзасидан Давлат даромадлари қўмитаси билан ҳамкорликда янги Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш режалаштирилган. Бу доирада хорижий компаниялар томонидан амалга ошириладиган электрон тижорат фаолиятида солиқ мажбуриятларини бажариш, рўйхатдан ўтиш ва солиқ тўловларини амалга ошириш масалалари назарда тутилган. Агар солиқ мажбуриятлари бажарилмаса, интернет-ресурсга нисбатан чеклов чоралари қўлланилиши ва бу ҳақда алоқа соҳасида ваколатли органга тақдим этилиши мумкин.
“Вазирлик Қозоғистонда электрон тижоратнинг яхлит экотизимини ривожлантириш концепциясини амалга оширмоқда. Ҳозирда 2027 йилгача мўлжалланган электрон тижоратни ривожлантириш режаси доирасида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, логистик инфратузилма ва тўлов тизимларини ривожлантириш, электрон тижорат соҳасида тадбиркорлар учун давлат томонидан молиявий кўмак чораларини жорий этиш, электрон тижорат орқали товарлар импорти ва экспорти масалалари, маҳаллий маҳсулотларни экспортга илгари суриш мақсадида халқаро онлайн савдо платформалари билан ҳамкорлик ўрнатиш каби масалалар ҳам қамраб олинган”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маркетплейслар давлат тилида хизмат кўрсатишга мажбур бўлади
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонунининг 25-моддасига мувофиқ, электрон тижорат орқали товар сотишда товар номи, нархи ва харид шартлари ҳақидаги маълумот, шунингдек, асосий хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар фойдаланувчига ахборот-коммуникация технологиялари орқали давлат ва рус тилларида тақдим этилиши шарт.
Бу борада маркетплейс вакилларининг маълум қилишича, ҳозирда ўз платформаларини давлат тилига таржима қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бундан олдин ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев Қозоғистонда маркетплейслар ва сотувчилар давлат тилида хизмат кўрсатишга мажбур бўлишини айтган эди.
“Одамлар аниқ ва ишончли маълумот олиши керак. Шу муносабат билан биз тилга оид конституциявий тамойиллар ва қонун талабларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу талаблар нафақат маркетплейсларга, балки бошқа хизмат кўрсатувчи платформаларга ҳам тааллуқли”, – деди вазир.