Давлат раҳбари Марат Омаровни қабул қилди

ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Марат Омаровни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

к
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев Агентлик раисининг “Иқтисодиётни либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ҳисоботини тинглади.

Марат Омаров мазкур Фармон ижроси доирасида квазидавлат секторини қисқартириш ва рақобатни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълум қилди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш миллий бюросининг бевосита иштирокида 2026-2030 йилларга мўлжалланган квазидавлат сектори субъектлари ва давлат мулки объектларини оптималлаштириш режаси тасдиқланди.

Рақобат муҳитига ўтказилаётган активларнинг умумий даромади 3,4 триллион тенгени ташкил этади. Давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қабул қилинган чора-тадбирлар бир манбадан харидлар улушини 39 фоиздан 24 фоизга камайтириш имконини бермоқда. Бунинг самарасида умумий бюджетдаги рақобатбардош харидлар улуши 6,2-8,1 триллион тенгегача ошди.

Тадбиркорлик субъектларининг товар бозорларига чиқишига тўсқинлик қилаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, муҳим бозорларда самарасиз воситачилардан халос бўлиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, рақамли иқтисодиётни тартибга солишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ташаббуслари ҳақида маълумот берди.

Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликка ўзгартишларнинг олтинчи пакети бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Қонун лойиҳасида рақобат сиёсати самарадорлигини ошириш, монополлашган бозорлар устидан назоратни кучайтириш, монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштириш ва иқтисодиётнинг давлат секторидаги улушини янада камайтиришга қаратилган еттита тизимли йўналиш кўзда тутилган.

Йиғилиш якунида Давлат раҳбари Агентлик раисига бир қатор аниқ топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазири Президентга ҳисобот бергани ҳақида хабар берган эдик.