Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди

Президент Рахмон
Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев Эмомали Раҳмонга ШҲТ саммитидаги алоҳида иштироки ҳамда Астана ташаббуслари ва устувор йўналишларини доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.

“Саммитдаги иштирокингиз жуда муҳим. Чунки сиз 1996 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган президентлардансиз. Менимча, бу ташкилот ҳақиқатдан ҳам самарали, нуфузли ва демократик бирлашма. Эртанги саммит муваффақиятли ўтади, деган умиддаман”, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти икки томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Тожикистон ҳақиқатан ҳам иттифоқчилик муносабатларини ўрнатишга муваффақ бўлган. Бунда Эмомали Раҳмоннинг ҳиссаси жуда катта.

Тожикистон Президенти, ўз навбатида, Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги муваффақиятли ўтганини айтди. Шунингдек, икки давлатнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлиги режали тарзда ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Эмомали Раҳмон икки давлатнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлигининг айрим жиҳатларини кўриб чиқдилар.

Сўнгги хабарлар