Давлат раҳбари Digital Qazaqstan лойиҳаси бўйича кенгаш ўтказди
ASTANА. Каzinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Ақордада Digital Qazaqstan лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи кенгаш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Акорда матбуот хизмати хабар берди.
Қасим-Жомарт Тоқаев давлат тузилмалари Сунъий интеллект ва рақамлаштириш йили доирасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди. Асосий мақсад — мамлакат ҳаётининг барча соҳаларига илғор технологиялар ва сунъий интеллектни оммавий равишда жорий этиш.
– Аввало, қулай институционал, ҳуқуқий ва бизнес муҳитини яратиш зарур. Қозоғистон — қулай ва илғор рақамли тартибга солиш тизимини жорий этган мамлакатлар қаторида. Биз бу ишни биринчилардан бўлиб бошладик. Хусусан, мамлакатимизда Рақамли кодекс қабул қилинди. Сунъий интеллект тўғрисида махсус қонун кучга кирди. Аммо бу кенг кўламли ишнинг бошланиши, биз шу билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Дунёда содир бўлаётган ўзгаришлар суръати жуда юқори. Сизлар буни яхши биласизлар. Фан, таълим, технология жуда юқори тезликда ривожланмоқда. Шунинг учун норматив ҳужжатларни ўз вақтида янгилаш зарур. Хулоса қилиб айтганда, бизнинг давримизда ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва аниқ бўлган "Рақамли давлат" концепциясини шакллантириш зарур, яъни Digital Qazaqstan стратегияси фуқаролар ва бизнеснинг аниқ талаблари ва истакларини ҳисобга олиши керак, — деди Давлат раҳбари.