Давлат раҳбари Чимкент ҳокимига шаҳарни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар юклади
ASTANА. Кazinform — Президент Чимкент шаҳри ҳокими Ғабит Сиздиқбековни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбарига жорий йилнинг биринчи ярмида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ҳисобот берилди. Ғабит Сиздиқбековнинг таъкидлашича, йил бошидан буён асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 31 фоизга ошиб, 360 миллиард тенгени ташкил этди. Жорий йилда саноат соҳасида жами 680 миллиард тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Қурилиш жадаллашиб, 517 минг квадрат метрдан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга Чимкентнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида “Жулдиз” ва “Бўзариқ” янги саноат зоналари ишга туширилгани ҳақида маълумот берилди. Шаҳардаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 139 мингдан ошди. Бу соҳада 245 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда.
Президентга Чимкент шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Янги аэропорт терминали қурилди, вокзал реконструкция қилинди. “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида 12 та мактаб ва Ўқувчилар саройи фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, мини-футбол маркази ва спорт мажмуаси қурилди.
Давлат раҳбарига йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳақида маълумот берилди. Жанубий ҳалқа йўли ва 2 та йирик чорраҳа фойдаланишга топширилди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтган йили 2270 та, жорий йилда 2743 та кўча ёритилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, активларни давлат мулкига қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Муз саройи, Марказий сув спорти мажмуаси, 2-шаҳар поликлиникаси, «Қиял әлемі» технопарки, “Кен бобо” истироҳат боғи давлат мулкига ўтказилди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Ғабит Сиздиқбековга шаҳар иқтисодиётини янада диверсификация қилиш, қўшимча сармоя жалб қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш, аэропортда янги учиш-қўниш йўлаги ётқизиш, мактабларда ўрин етишмаслиги муаммосини ҳал этиш, шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш, йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича аниқ вазифаларни юклади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Астанадаги МХҚ департаментининг янги биносига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.