13:34, 07 Ноябрь 2022 | GMT +5
Давлат раҳбари Манғистау вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш йўлларини айтиб ўтди
AQTAU. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Манғистау жамоатчилиги билан учрашувда минтақа тараққиёти ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Kazinform.
«Ўтган йили вилоятни ривожлантириш бўйича кенг кўламли йиғилиш ўтказгандим. Ҳукумат ва ҳокимликка Манғистау вилоятини комплекс ривожлантириш режасини тасдиқлашни топширдим. Ҳужжат қабул қилиниб, уни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратилди. Худди шундай махсус режа ҳамма ҳудудлар учун ҳам қабул қилинмаган. Бу биз манғистауликлар ҳаётини яхшилашга катта аҳамият бераётганимизни кўрсатади. Эндиги вазифа ана шу режани тўлиқ амалга ошириш, ҳудудни ободонлаштиришдан иборат. Вилоятни ҳар томонлама ўзлаштириш учун тўлиқ имконият мавжуд. Манғистау вилояти ҳар жиҳатдан ўзига хос вилоят»
, – деди Давлат раҳбари вилоят аҳолиси билан учрашувда.
Унинг сўзларига кўра, Манғистаунинг қайта ишлаш саноати ва тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш зарур.
Бу вилоят Мустақиллигимиз пойдеворини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Мамлакат нефтининг чорак қисми шу ерда қазиб олинади.
Вилоятда нефт-газ саноати билан бир қаторда иқтисодиётнинг қайта ишлаш саноатини ҳам ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
«Ҳозирда давлат олдида турган асосий вазифалардан бири миллий иқтисодиётни амалда диверсификация қилишдир. Шунингдек, чуқур қайта ишланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ишлаб чиқариш корхоналарини очиш керак. Ҳукумат йиғилишларида ҳам, ҳудудларга борганимда ҳам бу ҳақда гапираман. Бу масалага барча ҳокимлар эътибор қаратишлари керак. Бу Ҳукумат ва ҳокимлар олдидаги муҳим вазифадир»
, - деди Президент.