Давлат раҳбари Иньяцио Кассисни қабул қилди

None
ASTANА. Каzinform – Президент Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Швейцария федерал маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис билан учрашди, дея хабар беради Каzinform Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатлар ўртасидаги яқин муносабатлар дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Давлат раҳбари Алмати шаҳрида Швейцария фахрий консуллиги очилиши билан табриклади. Унинг расмий очилишида Иньяцио Кассис иштирок этди.

Давлат раҳбари Швейцария Қозоғистоннинг Европадаги асосий сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Айни пайтда Швейцария Қозоғистоннинг 20 та энг йирик савдо ҳамкорлари қаторига киради. У мамлакатга 32,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган учта йирик инвестордан биридир.

«Биз Қозоғистон иқтисодиётининг истиқболли тармоқларига сармоя киритишга тайёр бўлган янги Швейцария компанияларини қўллаб-қувватлаймиз. Қозоғистон Ҳукумати ва Stadler темир йўл концерни ўртасида имзоланган шартнома катта истиқболга эга, деб ҳисоблайман. Шунинг учун биз ушбу битимнинг амалга оширилишини диққат билан кузатиб борамиз. Бу муносабатларимиз ривожига янги суръат бағишлайди», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари Швейцария Конфедерацияси Президенти Ален Берсега энг эзгу тилакларини йўллади.

Иньяцио Кассис икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кундаги ривожланиш даражасини ижобий баҳолаб, уни мустаҳкамлашда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Швейцария Ташқи ишлар вазири мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

«Ўзаро савдо ва сармоя яқин муносабатларимизнинг муҳим йўналишидир. Айтганингиздек, Швейцария хусусий компаниялари мамлакатингизга сармоя киритса, бу сизнинг ислоҳотларингиз муваффақиятли амалга оширилишига, шунингдек, сармоя киритиш учун шароитларнинг яхшиланишига хизмат қилади», — деди вазир.

Мулоқот чоғида ишлаб чиқариш, савдо-логистика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, молиявий хизматлар, рақамлаштириш, таълим соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.


Сўнгги хабарлар
telegram