Давлат раҳбари Астана шаҳри ва Қарағанди вилояти ҳокимларини қабул қилди

ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари Астана шаҳри ва Қарағанди вилояти ҳокимларини қабул қилди, дея хабар беради Кazinform Ақордага таяниб.
None

Астана ҳокими Женис Қасимбек Президентга пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожлантириш бўйича ҳисобот берди.

Давлат раҳбарига шаҳар ҳаётини таъминловчи насос-фильтр станцияси (НФС-3), газ иситиш шохобчалари, иссиқлик электр маркази каби объектлар қурилиши ҳақида сўзлаб берилди.

Ушбу иншоотларнинг қурилишини 2023 йилда якунлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Президентга пойтахтни газ билан таъминлаш, кўп йиллик қурилиш ишларини ниҳоясига етказиш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, сармояни жалб қилиш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев шаҳар ҳокимига иссиқлик мавсумининг боришини назорат қилиш ва пойтахтни янада ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берди.

Президент Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Бўлекпаевни ҳам қабул қилди. У Давлат раҳбарига вилоятнинг жорий йилнинг 11 ойидаги асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот берди.

Давлат раҳбарига саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш суръати ҳақида маълумот берилди.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, саноатнинг барча жабҳаларида ижобий силжиш кузатилмоқда. Хусусан, ушбу соҳа 6 фоизга ўсди.

Йиғилишда вилоятдаги уй-жой коммунал хўжалиги, жумладан, иссиқлик ва сув таъминоти тизими ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев вилоятни янада ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқ берди.

Фото: аkorda.kz

Сўнгги хабарлар