Чехия мухолифати ҳукуматга ишончсизлик вотумини таъминлай олмади

Чехия бош вазири Петр Фиала ҳукумати унга ишончсизлик билдиришга тўртинчи уринишдан омон қолди, деб хабар берди ČТК.
Бу сафар Чехия мухолифати ташаббуси билан ўтказилган ишончсизлик вотуми Фиаланинг ҳамкори ва собиқ адлия вазири Павел Блажек атрофидаги криптовалюта можароси билан боғлиқ эди. Прагада мухолиф партиялардан 94 депутат ҳукуматни истеъфога чиқариш учун овоз берди. Бироқ парламентнинг 200 ўринли қуйи палатасида зарур бўлган 101 овозга яна эришилмади. Амалдаги коалициянинг 98 нафар депутати ҳукуматни ёқлаб овоз берди.
Қайд этилишича, собиқ бош вазир Андрей Бабишнинг ANO партияси, шунингдек, ўтган йилдан бери мухолифатда бўлган ўта ўнг SPD ва “Қароқчилар партияси” вакиллари ҳукумат истеъфосини ёқлаб овоз берган. Ишончсизлик тўғрисидаги таклиф Чехия парламентида тахминан 34 соат давом этган мунозараларга сабаб бўлди.
Ишончсизлик вотумининг сабаби Чехия адлия вазирлиги деярли бир миллиард Чехия кронига (тахминан 40 миллион евро) шубҳали криптовалюта биткоин сотганидан сўнг авж олган “биткоин можароси” бўлди, деб ёзди ČТК ўтган ҳафта. Ушбу жанжал туфайли вазирлик раҳбари Павел Блажек истеъфога чиқди. Мухолифат, шунингдек, молия вазири Збинек Станжуранинг истеъфосини талаб қилмоқда. Мақолада таъкидланганидек, 18 июнь кунги йиғилиш ANO партияси ташаббуси билан чақирилган.
Чехия мухолифатига кўра, криптовалютадаги суммани адлия вазирлигига аввал ўзлаштириш, гиёҳванд моддалар савдоси ва ноқонуний қурол сақлашда айбланган тадбиркор Томаш Йириковский ўтказган. Янги адлия вазири Ева Декруа август ойининг охиригача, яъни октябрь ойида Чехияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан аудит ўтказиб, текшириш натижаларини эълон қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади ČТК.
Февраль ойида Франция бош вазирига ишончсизлик вотуми ҳам муваффақиятсиз тугади. Француа Байроу сўлчи мухолифатни бўлиб, ўта ўнглар қаршилигини нейтраллаш орқали ҳокимиятни ушлаб турди, мухолифот эса бюджетни танқид қилишига қарамай, ҳукуматни ағдара олмади.