Бугун Тошкентда халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигига старт берилади

TASHKENT. UzA-Kazinform – 3-7 июль кунлари Тошкентда «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусида халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» халқаро конференциялари бўлиб ўтади, дея хабар беради Kazinform UzAга таяниб.
None
Фото: UzA

Мазкур нуфузли анжуманда дунёнинг барча қитъаларидан, 60 дан зиёд мамлакатдан 500 га яқин давлат арбоби, сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари ва экспертлар, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Ҳафталикдан кўзланган мақсад – хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ҳамда ички сиёсати устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш.

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Лорд Уортон, машҳур телебошловчи – Али Аслан, халқаро муносабатлар соҳасида катта тажрибага эга сэр Девид Ричмонд, халқаро сиёсий эксперт ва стратег Жорж Айжан, халқаро журналист Стивен Коул каби таниқли модераторлар жалб этилган анжуман доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 50 дан зиёд конференция, давра суҳбати, амалий мулоқот ташкил этилмоқда.

«CNN» телеканали ҳафталикнинг медиа ҳамкори ҳисобланади. Тадбирлар «Euronews» ва бошқа нуфузли хорижий оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кенг ёритилади.

Ҳафталик якуни бўйича хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқани янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ҳаётга самарали татбиқ этишга қаратилган битим, келишувлар имзоланиши кутиляпти.

Сўнгги хабарлар