Бугун Қозоғистонда Конституция куни
1995 йил 30 августда Қозоғистоннинг асосий қонуни умумхалқ референдумида қабул қилинди. Бугун Қозоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 28 йил тўлди.
Мустақил мамлакатнинг биринчи Конституцияси 1993 йилда қабул қилинган бўлса, орадан икки йил ўтиб замонавий кўринишда қабул қилинди. Асосий қонун қабул қилинишидан олдин узоқ тайёргарлик даври бўлган. Конституциянинг амалдаги таҳририни қабул қилиш учун кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, давлатда ҳужжатларни шакллантириш тамойиллари: хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши, демократия тамойиллари асос қилиб олинди.
2022 йил 5 июнь куни Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича республика референдуми бўлиб ўтди ва бу мамлакат учун энг муҳим ва тарихий воқеалардан бири бўлди.
Ўшанда республиканинг барча ҳудудларида референдумда қатнашган қозоғистонликларнинг 77,18 фоизи, яъни 6 миллион 163 минг 516 нафари Конституциявий ўзгаришларни ёқлаб овоз берган.
Конституция куни муносабати билан Астана шаҳрида 70 дан ортиқ оммавий, спорт ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда уларнинг 20 дан ортиғи ўтказилган бўлса, яқин кунларда 50 га яқин тадбир ўтказилиши кутилмоқда.