Бугун - Дипломатик хизмат куни

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда 2 июлда Дипломатик хизмат ходимлари куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

1992 йил 2 июлда Мустақил Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ташкил этилди. Шу куни Президентнинг «ҚР Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси элчихонаси тўғрисида»ги ва «ҚР Фавқулодда ва Мухтор Элчисининг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари тўғрисида»ги низомларни тасдиқлаш тўғрисида қарори қабул қилинди.

«ҚР Президентининг 1998 йил 20 январдаги «Қозоғистон Республикасида касбий ва бошқа байрамлар тўғрисида» 3827-сонли Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚР Президентининг 2009 йил 1 июлдаги 837-сон Қарори билан 2 июль – Дипломатик хизмат куни касбий ва бошқа байрамлар рўйхатига қўшилди.

Ўтган йили Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев дипломатик корпус вакилларини мамлакат дипломатик хизмати ташкил этилганининг 30 йиллиги билан табриклаб, ушбу юбилей Янги Қозоғистон ташкил этилганининг бунёдкорлик даврига тўғри келганини маълум қилганди.

«Биз минтақавий ва глобал жараёнларда фаол иштирок этувчи барқарор ва нуфузли давлатга айландик. Сизлар мустақиллигимизнинг илк куниданоқ халқаро майдонда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқдасиз. Ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида сизлар Қозоғистоннинг жаҳон дунёсидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаяпсиз», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Яқинда Давлат раҳбари Ақордада Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Қозоғистон низоларни дипломатик йўллар билан ҳал этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.

«Кейинги масала – халқаро кун тартиби. Дунёда юз бераётган турли сиёсий ва иқтисодий кескинликлар мамлакатимизни ташвишга солмоқда. Албатта, барча муаммолар тинч йўл билан халқ ва келажак авлод манфаати учун ҳал этилиши керак. Маълумки, бундан олдин Қозоғистон низолашаётган томонларни тинчликка чорлаган эди. У уларга музокаралар учун нейтрал платформа таклиф этди. Мамлакатимиз низоларни дипломатик йўллар билан ҳал этишда фаол иштирок этишга тайёр», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар