Бугун буюк Алишер Навоий таваллуд топган кун

Алишер Навоий
Фото: ЎзА

TASHKENT. Kazinform - Бугун буюк шоир, улуғ олим ва мутафаккир, давлат арбоби НизомиддинМир Алишер Навоий таваллудига 583 йил тўлди. Ҳар йили 9 февралда бутун Ўзбекистонда мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд топган куни сифатида кенг нишонланади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Буюк мутафаккир асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

А.Навоийнинг бизгача етиб келган адабий мероси катта ва серқирра – XV аср охиридаги Ўрта Осиё маънавий ҳаётини тўлиқ очиб берган 30 га яқин шеърлар, илмий асарлар ва шеърий рисолалар тўпламидир. Мустақиллик йилларида унинг тўлиқ асарлари тўплами Ўзбекистонда 20 жилдда нашр этилди.

Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни олган “Ҳамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”). Ушбу монументал эпик цикл ўзбек мумтоз, қолаверса, жаҳон адабиётининг бебаҳо намунаси саналади.

Йиллар давомида яқин ва узоқ хориж мамлакатларида А.Навоий хотирасига ҳурмат, унинг маънавий мероси аҳамиятини эътироф этиш белгиси сифатида ёдгорликлар барпо этилди.

Хусусан, Қирғизистон (Ўш, 1986), Россия (Москва, 2004), Япония (Токио, 2004), АҚШ (Вашингтон, 2007), Озарбайжон (Боку, 2008), Хитой (Шанхай, 2017), Тожикистон (Душанбе, 2018 йил), Беларусь (Минск, 2019 йил) ва Қозоғистон (Астана, 2022 йил).

Санъат ва маданиятни чуқур англашга интилаётган, анъана ва замонавийлик, миллий ва умуминсоний уйғунликни изловчи ҳар бир инсон учун Алишер Навоий илҳом манбаидир. Унинг ижоди ўтмиш ва бугунни боғловчи, халқлар ришталарини мустаҳкамловчи ва тушунчамиз уфқларини кенгайтирувчи кўприк бўлиб хизмат қилишда давом этади.

Сўнгги хабарлар
telegram