Бугун атом соҳаси ходимлари куни
ASTANА. Кazinform – Бугун — Қозоғистонда атом соҳаси ходимлари куни. Бу сана Президентнинг 2008 йил 12 майдаги Фармони билан расман белгиланди.

Атом соҳаси ходимлари куни 28 сентябрь деб белгиланиши бежиз эмас.Aхир, 1942 йилнинг айнан шу куни СССР Давлат мудофаа қўмитаси “Уран устида ишлашни ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилиб, Фанлар академияси қошида махсус атом ядроси лабораториясини ташкил этишни маъқуллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Фан ва технологиялар бўйича Миллий кенгаш йиғилишини ўтказиб, унда атом саноатини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган эди. Тадбирда Президент атом энергетикаси мамлакат учун жуда муҳим ва зарур энергия манбаи эканини таъкидлаб, маҳаллий уран АҚШ, Франция каби мамлакатларнинг атом электр станцияларида қўлланилишини таъкидлади.

— Дунё бўйлаб 416 та ядро реакторлари ишламоқда. Масалан, АҚШда 94 та ядро реакторлари бор, лекин уран ишлаб чиқариш кичик, шунинг учун Қозоғистон Америка бозорининг 24 фоизини таъминлайди. Францияда ҳам вазият худди шундай, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган урандан 50 дан ортиқ ядровий реактор фойдаланади. Ҳозирда 31 давлатда атом энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу дунёдаги ҳар олтинчи давлат тинч атом энергиясидан фойдаланишини англатади. Яна йигирмага яқин давлат ядровий реактор қуришни режалаштирмоқда. Биз бу борада илғор технологияларга эга давлатлар билан ҳамкорликка катта аҳамият берамиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Мамлакатдаги АЭС учун уран ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Қазатомсаноат” компанияси жорий йилнинг биринчи ярмида 12 минг 242 тонна уран ишлаб чиқарди. Компаниялар гуруҳининг сотиш ҳажми эса 7625 тоннага етди. Умумий даромад 660 миллиард тенгедан ошди. Операцион фойда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ошиб, 253 миллиард тенгени ташкил қилди. Соф фойда 263 миллиард тенгени ташкил қилди. Атом холдингининг республика бюджетига солиқ тўловлари 400 миллиард тенгедан ошди.

Давлат раҳбари топшириғига асосан корхонада ресурс базасини кенгайтириш ва ундан самарали фойдаланиш борасида ҳам жадал ишлар амалга оширилмоқда. “Қазатомсаноат” Туркистон вилоятидаги тахминий захиралари 20 минг тоннадан ортиқ уран конларини қидириш учун яна бир лицензия олди. Шу-Сарису уран провинциясидаги 3 та истиқболли участкада геологик қидирув ишлари ҳам бошланди. Бу ишлар фақат “Қазатомсаноат”га тегишли лицензиялар доирасида амалга оширилади.

Компания, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва уран сотиш бозорини диверсификация қилишга эътибор қаратади. Жорий йилда у Швейцариянинг Axpo ва Чехиянинг ČEZ компаниялари билан уран етказиб бериш бўйича шартномалар имзолади. У JUMCO билан Иорданияда уранни қидириш ва қазиб олиш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, SEAS билан эса Словакия АЭСларига табиий уран ва уран диоксиди етказиб бериш бўйича меморандум тузди. Бундан ташқари, Руминия Энергетика вазирлиги билан табиий уран етказиб беришни кенгайтириш ва бериллий саноатини ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Жорий йилнинг март ойида Президент Фармони билан Атом энергияси агентлиги ташкил этилди. Агентлик уран қазиб олиш, атом энергиясидан фойдаланиш ва радиация хавфсизлиги масалалари билан шуғулланади. Шунингдек, у Семей ядровий хавфсизлик зонасини ривожлантириш учун жавобгардир. Куни кеча айнан шу агентликда ушбу қутлуғ кунга бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди ва унда агентлик раҳбари Алмасадам Сатқалиев атом саноатининг энг яхши ходимларини тақдирлади.

– Атом саноати Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аллақачон алоҳида аҳамиятга эга. Бизда атом саноати учун мустаҳкам пойдевор яратилган, жаҳон даражасидаги илмий салоҳиятимиз бор. Ядро энергетикаси эса эндигина шаклланмоқда. Айнан шу қадам мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли мақсадларига эришиш учун янги имкониятлар очади, – деди агентлик раиси.