Бу йил 18 мингга яқин этник қозоқ ватандош мақомини олди
2023 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 17 903 этник қозоқ ўз тарихий Ватанига қайтиб, Ватандош мақомига эга бўлди. 1991 йилдан буён мамлакатга жами 1 млн 124,9 минг этник қозоқ қайтиб келган, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Йил бошидан буён Қозоғистонга келган ватандошларнинг ярмидан кўпи, яъни 53,8 фоизи Ўзбекистондан, 19 фоизи - Хитойдан, 11 фоизи - Мўғулистондан, 7,6 фоизи - Россиядан, 6,5 фоизи – Туркманистондан ва 2,1 фоизи бошқа мамлакатлардан келган.
“Жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, меҳнатга лаёқатли ёшдаги этник ватандошлар сони — 60,7 %, меҳнатга лаёқатли ёшга етмаганлар — 30,7 %, нафақахўрлар — 8,6 фоизни ташкил этади.
Меҳнатга лаёқатли ватандошларнинг 15,3 фоизи олий маълумотли, 34,5 фоизи ўрта касб-ҳунар маълумотига эга, 41,7 фоизи умумий ўрта маълумотли ва 8,5 фоизи маълумотга эга эмас”, - дейилади вазирлик хабарида.
Кўчирилган этник қозоқлар республиканинг турли вилоятларига жойлашдилар. Шу билан бирга, ватандошларни кўчириш учун ишчи кучи танқислиги бўлган қуйидаги ҳудудлар аниқланди: Ақмола, Абай, Қостанай, Павлодар, Шарқий ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари.
2023 йил учун аҳоли пунктларида ватандошларни қабул қилиш квотаси 2337 кишини ташкил этади. 2023 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, аҳоли пунктларига 1 870 нафар ватандош кўчиб келган.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юқорида кўрсатилган ҳудудларда истиқомат қилувчи ватандошларига кўчиб ўтиш учун субсидия шаклида — бир марталик оила бошлиғи ва ҳар бир оила аъзоси учун 70 БҲМ (241,5 минг тенге) миқдорида тақдим этилади; уй-жой ижараси ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш - бир йил ичида 15 дан 30 БҲМ (51,7 дан 103,5 минг тенгегача) миқдорида берилади.
Йил бошидан буён 1254 нафар ватандошга турли қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Жумладан, 522 нафар ватандош доимий иш билан таминланди, 1254 нафар ватандошга бир марталик нафақа, 513 нафар ватандошга уй-жой билан таъминланиши учун субсидиялар берилди.