Болгария Қозоғистоннинг Европадаги энг йирик ва энг муҳим ҳамкори – Президент

ASTANA. Kazinform – Болгария ва Қозоғистон ўртасида ишбилармонлар кенгаши тузилади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Болгария Президенти Румен Радев билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида айтиб ўтди.

Румен Радев
Фото: Ақорда

“Қозоғистон Болгария билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқламоқчимиз. Биз мамлакатингизни Қозоғистоннинг Европадаги йирик ва ўта муҳим ҳамкори деб биламиз. Ўз навбатида, ҳозиргина муҳокама қилинган қатор соҳалардаги муносабатларимизни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз. Биз катта аҳамиятга эга бўлган ва алоҳида эътибор талаб қиладиган айрим соҳаларни муҳокама қилдик. Ишонаманки, келгусида ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришда юксак натижаларга эришамиз”, - деди Президент.

Давлат раҳбари савдо алоқаларини, жумладан, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш каби соҳаларда мустаҳкамлашдан икки давлат ҳам манфаатдор эканини таъкидлади.

Болгария
Фото: Ақорда

“Қозоғистон иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга интилмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар бўйича ҳукуматлараро комиссия бу ишнинг илғор сафида бўлишига ишонаман. Шунингдек, Болгария ва Қозоғистон ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ниятидамиз ва бу яқин келажакда ишбилармонлик алоқаларимизни мустаҳкамлашда навбатдаги қадам бўлади. Ишончимиз комилки, бугунги бизнес-форум ва Савдо-саноат палаталаримиз ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳамкорлигимизга ҳисса қўшади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент Қозоғистон ва Болгария ўртасида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани, жаҳон миқёсида муштарак мақсадлар борлигини таъкидлади.

Аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Болгария Президенти Румен Радевни Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар