10:45, 12 Ноябрь 2021 | GMT +5
Бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2022 йилга кўчирилди
NUR-SULTAN. Kazinform - Туркиянинг Истанбул шаҳрида 2021 йил 6 -19 декабр кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган AIBA бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати келаси йилга кўчирилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасига таяниб, Kazinform хабар беради.
AIBA ушбу тадбир жадвалини сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётган бўлса-да, жуда кўп Миллий федерациялар ўз мамлакатларида қийин вазиятлар ва чекловларга дуч келаётгани хабар қилинган.
Шу муносабат билан AIBA директорлар кенгаши Туркия миллий федерацияси билан келишилган ҳолда аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатини 2022 йилнинг мартига кўчиришга қарор қилди.
«Биз биламизки, баъзи жамоалар ушбу тадбирга ҳозирданоқ тайёргарлик кўришган ва ҳафсаласи пир бўлади. Бироқ спортчиларимиз, расмийлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги устувор вазифадир, шунинг учун биз таваккал қилиб, тадбирни давом эттира олмаймиз», - деди AIBA президенти Умар Кремлев.