Биз Сингапур услубида мутлақо янги ва яхлит мегаполис қуриш ниятидамиз – Тоқаев

SINGAPORE. Kazinform – ҚР Президенти Alatau City лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

сингапур
Фото: Ақорда

Қозоғистон-Сингапур бизнес-форуми доирасида Алмати вилоятидаги жуда йирик Alatau City лойиҳасини амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Surbana Jurong компаниялар гуруҳи бош директори Шон Чао, Asia Infrastructure Solutions Singapore компанияси раиси ва Temasek Trust компанияси директори Хеан Файн Вонг, China Development Institute компанияси вице-президенти Цзянь Цю, KPMG ASPAC давлат сектори раҳбари Майкл Камерленго, Kuok Singapore компанияси раиси Хун Ин Куок, Boustead Singapore Ltd компаниялар гуруҳи раиси ва бош директори Фонг Фуэй Вонг, KPMG Korea ҳамкори Мунгу Парк, Samsung C& T Engineering and Construction Group компанияси вице-президенти Юнг-Вук Ким, Kuok Group компаниясининг молиявий директори ва Allgreen Properties компанияси бош директори Леонг Чье Тхо, Caspian Group компанияси директорлар кенгаши раиси Юрий Цхай, шунингдек, Қозоғистон делегациясининг расмий вакиллари иштирок этди.

Қасим-Жомарт Тоқаев салоҳиятли ҳамкорларга эътибор қаратиб, Alatau City лойиҳаси нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти учун катализатор сифатида муҳим саналишини таъкидлади.

алатау
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Сингапур Президенти ва Бош вазири билан бўлиб ўтган музокараларда мазкур лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинганини таъкидлади.

“Биз Сингапур услубида мутлақо янги ва яхлит мегаполис қуриш ниятидамиз. У жаҳон стандартларига жавоб берадиган етакчи халқаро бизнес марказига айланиши мумкин. Ҳар томонлама лойиҳалаштирилган инфратузилма, уй-жойлар қуришда инновацион технологиялардан фойдаланиш ва истиқболли ҳудудларга эътибор қаратиш – буларнинг барчаси барқарор ривожланиш лойиҳаси сифатида Alatau City қурилишини муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилувчи жуда муҳим элементлардир. IТ, стартаплар, илмий-тадқиқот ва ишланмалар, барқарор ишлаб чиқариш, қайта тикланадиган энергия манбалари, агробизнес, соғлиқни сақлаш каби инновацион тармоқларни ривожлантириш ресурслар истеъмолига асосланган анъанавий тармоқлардан воз кечишнинг яққол ифодаси бўлиши керак. Яшил, барқарор ва инклюзив шаҳарни барпо этиш, албатта, доимий сиёсий мувофиқлаштириш ва сармоявий қулай муҳитни талаб қилади. Шу боис Қозоғистон Ҳукумати томонидан майдони минг квадрат километрга яқин бўлган Alatau махсус иқтисодий зонаси ташкил этилди”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Сингапурнинг Surbana Jurong компаниясига кенг қамровли лойиҳа режасини ишлаб чиққани учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, у ушбу ташаббуснинг катта салоҳиятига ишонч билдирди ва Сингапур бизнес вакилларини ушбу лойиҳада фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Алмати вилояти ҳокимлиги Caspian Group акциядорлик жамияти ва Surbana Jurong компанияси билан ҳамкорликда минтақада G4 City шаҳрини ривожлантириш Бош режаси концепциясини тайёрлади.

Жорий йилнинг январь ойида Давлат раҳбарининг фармони билан Иле туманида вилоят аҳамиятига эга Алатау шаҳри ташкил этилди.

Ҳукумат қарори билан Алатау шаҳрининг Бош режаси тасдиқланиб, Иле, Талғар туманлари ва Қонаев шаҳри чегаралари ўзгартирилди.

Президент G4 City махсус иқтисодий зонаси ҳудудини 30 минг гектардан 96,5 минг гектарга кўпайтириш ва унинг номини Alatau махсус иқтисодий зонаси деб ўзгартириш тўғрисидаги қарорни ҳам тасдиқлади.

Сўнгги хабарлар