“Байтерек” холдинги Абай кунини нишонлади
ASTANА. Кazinform - “Байтерек” миллий бошқарувчи холдинги акциядорлик жамияти шўъба ташкилотлари билан биргаликда қозоқ халқининг мутафаккири, олими, бастакори, буюк шоири Абай Қўнонбайулининг ижодига бағишланган “Абай олами” кечасини ўтказди.
Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб, “Құрмет” ордени, Давлат мукофоти совриндори Сундет Байөожин, халқаро танловлар лауреати, опера хонандаси Асхат Бўлебай, “Байтерек” МБХ” АЖ шўъба ташкилотлари ва уларнинг республика вилоятларидаги филиаллари вакиллари тадбирда иштирок этди ва чиқиш қилди.
Кечани “Байтерек” холдинг бошқаруви раиси Рустам Карағойишин сўзбоши ва Абай шеъри билан бошлади.
“Абай Кўнонбайули – даҳо шоир, мутафаккир, қозоқ адабиётининг буюк намояндаси. Абай мероси халқимиз маънавиятини дунёга кўрсатадиган беқиёс бойликдир. Унинг адолат, ҳалоллик, одоб-ахлоқ ғояларига асосланган ижоди қозоқ адабиётининг дурдонаси ҳисобланади. Абай кунининг миллий компанияларда нишонланиши шоир ижодига бўлган ҳурматимиздан далолатдир”, — деди холдинг раҳбари.
Адабий кечага Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлигининг Тил сиёсати қўмитаси раҳбари Қайиржан Рақимжанов махсус таклиф этилган бўлиб, у Абай ижодининг қозоқ тили ва адабиётидаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Кеча давомида Холдинг гуруҳи ходимлари Абайнинг турли мавзудаги шеърлари ва қора сўзларини ўқиб, унинг қўшиқлари, куйлари ижро этиб, ўз чиқишлари билан йиғилганларни лол қолдирди. Шунингдек, Холдингга қарашли “Даму” тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси” АЖ Абай вилояти филиали ходимлари Абай қишлоғи Жидебайга махсус ташриф буюриб, шоир руҳига ҳурмат бажо келтирди.