АТР мамлакатлари ва Канада полицияси 3000 дан ортиқ онлайн фирибгарларни ҳибсга олди

ASTANА. Кazinform – Чегаралараро фирибгарлик ва пул ювишга қарши кураш бўйича халқаро операция натижасида 3018 нафар гумондор ҳибсга олинди ва тахминан 161 миллион доллар мусодара қилинди, деб хабар беради Xinhuа ахборот агентлиги.

мобил фирибгарлик
Фото: Polisia.kz

Гонконг полициясининг маълумотларига кўра, икки ойлик операцияда Гонконг ва Макао, шунингдек, Бруней, Канада, Индонезия, Малайзия, Мальдив ороллари, Сингапур, Жанубий Корея ва Таиланддан 3200 нафардан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирок этди.

Операция иштирокчилари 138 000 тадан ортиқ фирибгарлик ҳолатларида иштирок этган чегаралараро жиноий тармоқларни йўқ қилишди.

Жиноятчилар сохта онлайн-дўконлар, сохта иш ўринлари ва сохта инвестиция лойиҳалари орқали фирибгарлик схемаларидан фойдаланганлар. Тергов маълумотларига кўра, умумий зарар миқдори 752 миллион доллардан ошди.

Гонконгда 13 ёшдан 83 ёшгача бўлган 870 киши ҳибсга олинган. Улар 742 та жиноят ишига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари тахминан 539 миллион Гонконг долларини (тахминан 69 миллион АҚШ доллари) қайтариб беришга ёки музлатишга муваффақ бўлишди.

Операция доирасида ноқонуний молиявий операциялар учун фойдаланилган 100 мингдан ортиқ банк ҳисоблари музлатилди.

Гонконг полицияси пул ювишга қарши курашда, жумладан, рақамли активлар савдо платформалари орқали амалга ошириладиган операцияларда халқаро ҳамкорлик ва маълумотлар алмашинувини давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон мобил фирибгарликка қарши чораларни кучайтирмоқда.