Астанада Қозоғистондаги биринчи автоном суперкомпьютер тақдимоти бўлиб ўтди
ASTANA. Kazinform - «EXPO» кўргазмалар мажмуасида Қозоғистонда сунъий интеллект билан ишлаш учун яратилган биринчи автоном суперкомпьютер тақдим этилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Тизим давлат идоралари ва йирик компанияларга интернетга уланмасдан ва маълумотлар сизиб чиқиб кетиш хавфисиз сунъий интеллектдан фойдаланиш имконини беради.
“Ўз суперкомпьютеримизни яратиш - Қозоғистоннинг рақамли мустақиллиги сари қадамдир. Биз автоном тарзда ишлайдиган ва сунъий интеллект соҳасидаги энг мураккаб масалаларни ҳал қиладиган жаҳон даражасидаги юқори технологияли маҳсулотларни яратишга қодир эканимизни исботладик”, – деди «NeuroBox» компанияси асосчиси Толеген Омарбеков.

Тизимнинг асосий элементи турли нейрон тармоқларни ягона фазода бирлаштирган мультиагентли платформа ҳисобланади. Бу рақамли агентлар гуруҳларини шакллантириш имконини беради: баъзилари маълумотларни таҳлил қилади, бошқалари матнларни яратади яна бошқалари эса режалаштириш учун жавобгардир.

“Биз ёлғиз ишлайдиган чат-ботларга ўрганиб қолганмиз. Келажак аккли жамоаники, бу ерда ихтисослашган агентлар бир жамоа аъзолари каби ўзаро ҳамкорлик қилади”, - таъкидлади компания асосчиларидан бири Александр Пан.
Унга кўра, «NeuroBox»нинг ёпиқ схемаси тизим ичидаги барча маълумотларни сақлашни таъминлайди. Ушбу модель, айниқса, юқори даражадаги ахборот хавфсизлигини талаб қиладиган ташкилотлар учун долзарбдир.

Лойиҳадан кўзланган мақсад инсонни алмаштириш эмас, балки унинг иш самарадорлигини оширишдир.
Ишлаб чиқувчилар мисол келтирадилар: ўтган йилнинг охирида Суперкомпьютердан саноат ва савдо вазирлигининг профессионал стандартлар яратиш лойиҳаси учун фойдаланилган эди. Агар илгари бу жараён икки ҳафта давом этган бўлса, тизим 4,5 дақиқада натижани яратди.
Тақдимот давомида улар сунъий интеллект дизайн ҳужжатларини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини қандай текшириши, давлат харидлари спецификацияларини таҳлил қилиши ва тиббиётдаги клиник протоколларни солиштириши мумкинлигини кўрсатди.