Астана шаҳрида илк бор Қозоғистон-Туркия таомлари ярмаркаси бўлиб ўтди
ASTANA. Kazinform - Астана шаҳрида «Таза Қазақстан: Астана – тазалық пен тәртіптің үлгісі» кенг кўламли экологик акция бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида Астана шаҳрида қозоқ-турк таомлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг расмий сайти ёзган.

Экоакция давомида Бойқўнғир тумани ҳокимлиги ташаббуси билан илк бор қозоқ-турк таомлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада Туркиянинг машҳур буреклари, симитлари ва пишлоқли пироглари намойиш этилди. Шунингдек, аҳолига боғурсоқ, қурт, пишлоқ ва чой тарқатилди.

Отатурк боғида ўтказилган ярмаркада Туркия Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мустафо Капучу ва Туркиянинг бошқа вакиллари, шунингдек, Астана шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти, Бойқўнғир туманининг фаол аҳолиси ва кўнгилли ёшлар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Астанада бу ҳафта «Киелі мекен» деб номланади. Унинг давомида шаҳар обидалари ва уларнинг атрофида кенг кўламли тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
«Жасыл аймақ» деб номланувчи учинчи ҳафта дарахт экиш ва кўчатларни оҳаклашга бағишланади.
4 майгача бўлган муддат «Өнегелі ұрпақ» деб номланиб, фахрийлар ҳовлилари ва қариялар уйлари ҳудудларини тозалаш ва ободонлаштиришга бағишланган.
«Мөлдір бұлақ» деб номланган сўнгги, бешинчи ҳафтада сув омборлари – дарё ва кўллар атрофи чиқиндидан тозаланади.