Astana AI Film Festivalга 17 кун ичида 50 та мамлакатдан 300 дан ортиқ ариза келиб тушди
ASTANA. Kainform — Сунъий интеллект ёрдамида яратилган халқаро фильмлар фестивали — Astana AI Film Festival (AAIFF 2026) аризаларни қабул қилишни давом эттирмоқда. Иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тугашига 65 кун қолди.
Аризаларни қабул қилиш жараёни бошланганидан бери атиги 17 кун ичида ташкилотчилар дунёнинг 50 та мамлакатидан 300 дан ортиқ асарларни қабул қилишди. Улардан 86% хорижий иштирокчилардан келган.
“Энг кўп аризалар Қозоғистон, Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва Хитойдан келган. Бундан ташқари, иштирокчилар орасида Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Индонезия, Испания, Миср, Ҳиндистон, Аргентина, Украина, Туркия, Сингапур, Покистон, Венгрия, Чили, Бразилия, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Япония, Франция, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатлар вакиллари бор”, — дейилади хабарда.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, танловга бундай қизиқиш сунъий интеллектга асосланган кино ижодий саноатда янги глобал тенденцияга айланиб бораётганидан далолат беради. Ва Қозоғистон ушбу ҳаракатни ривожлантириш учун муҳим платформалардан бирига айланиб бормоқда.
“Ҳозирнинг ўзида лойиҳага бўлган қизиқиш Қозоғистон чегараларидан анча узоққа чиқиб кетгани сезиляпти. Деярли барча қитъалардан аризалар қабул қилинди. Бу сунъий интеллект ва кинонинг янги форматлари жаҳон муаллифларини чинакамига бирлаштириши мумкинлигини исботлайди”, — деб таъкидлади мутахассислар.
Аввалроқ, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ижодий саноат вакиллари билан учрашувда ушбу тадбир ижодий саноат ривожланишидаги туб ўзгаришларни намойиш этадиган илк глобал ташаббуслардан бири бўлишини таъкидлаган эди.
“Фестивални ташкил этиш Қозоғистонни халқаро майдонда инновация ва ижодий ташаббуслар марказларидан бири сифатида тақдим этиш учун жуда муҳимдир”, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Astana AI Film Festival 2026 йил 28 сентябрдан 1 октябргача Астанада бўлиб ўтади. Фестивалнинг асосий тадбири умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган халқаро қисқа метражли AI-фильмлар танлови бўлади. Асосий танлов мавсумининг мавзуси: «The Future Worth Living In» (“Яшашга арзийдиган келажак”).
Бундан ташқари, бешта номинациядан иборат очиқ бўлим тақдим этилган: энг яхши режиссёрлик, энг яхши визуал ечим, энг яхши ҳикоя, энг яхши концепция ва энг яхши қаҳрамон. Astana AI Film Festivalга аризаларни 2026 йил 15 августгача қабул қилади.