Аргентина суди Венесуэла президенти Мадурони ҳибсга олишга ордер берди
ASTANA. Kazinform – Николас Мадуро ва бошқа бир қатор Венесуэла етакчилари инсониятга қарши жиноят содир этганликда гумон қилинмоқда. Аргентина суди бундай жиноятлар устидан универсал юрисдикцияга асосланган ордерлар чиқарди, деб ёзади DW.
23 сентябрь, душанба куни Аргентина суди Венесуэла раҳбариятининг бир қатор аъзолари, жумладан, мамлакат президенти Николас Мадурони ҳибсга олишга ордер берди.
“Аргентина суд органлари Николас Мадуро, Диосдадо Кабельо ва Венесуэла ҳукуматининг бошқа раҳбарларини инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олишга рухсат берди”, – деди Венесуэла етакчиларини ҳибсга олишга муваффақ бўлган Аргентина Демократияни ҳимоя қилиш форуми.
Қарорда аниқланишича, “Венесуэлада тинч аҳолининг бир қисмига нисбатан қатағон, зўрлик билан йўқолиб кетиш, қийноқлар, қотилликлар ва таъқиблар бўйича ҳеч бўлмаганда 2014 йилда ишлаб чиқилган ва ҳозиргача давом этаётган тизимли режа мавжуд”.
Ҳибсга олишга ордер беришда Аргентина суди инсониятга қарши жиноятлар устидан умумий юрисдикция тамойилига амал қилган.
Венесуэлани 2013 йилдан бери бошқариб келаётган Мадуро, мамлакатнинг режим тарафдори сайлов комиссияси уни ғолиб деб эълон қилганидан сўнг учинчи муддатга президент этиб сайланди. Бироқ Венесуэла ҳукумати Мадуронинг ғалабасини тасдиқловчи овоз бериш натижаларини ҳали эълон қилмаган.