Аргентина президентининг ислоҳотларига қарши намойишлар тўқнашувларга айланди

Намойиш
Фото: Anadolu Agency

ASTANА. Кazinform - Буэнос-Айрес полицияси қонунчиликдаги ўзгаришлар муҳокама қилинаётган Миллий Конгресс биноси яқинида Аргентина президенти Хавьер Милей ислоҳотларига қарши намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди, деб хабар беради BBC.

Ислоҳотларнинг миллионлаб аргентиналикларга зарар етказишини таъкидлаган намойишчилар полицияга қарата бензин қуйилган шишалар ва тошлар улоқтириб, икки машинага ўт қўйди. Акциянинг бир неча иштирокчиси жароҳатланган.

Аргентина Хавфсизлик вазирлигининг AFPга маълум қилишича, камида тўққиз нафар полициячи яраланган. 10 киши ҳибсга олинган.

Хавьер Милейнинг Аргентина иқтисодиётини жонлантириш бўйича ислоҳотлар пакети иқтисодий фавқулодда ҳолат эълон қилиш, пенсияларни қисқартириш ва меҳнат ҳуқуқларини чеклашни ўз ичига олади.

Юришни ташкил қилган сўл партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотлари бу чораларга қарши чиқди.

Милейнинг матбуот хизматининг билдиришича, намойишчилар давлат тўнтариши уюштириб, Конгрессни бузишга уринган, хавфсизлик кучлари эса “террорчи гуруҳларни бостиришга уринишган”.

600 дан ортиқ моддадан иборат дастлабки ислоҳотлар пакети ўтган йил охирида парламентга юборилган эди. Мухолифат босими остида у олиб ташланди ва жиддий ўзгаришлар билан қайта киритилди (238 та модда қолди).

Конгресс Депутатлар палатаси апрель ойида янги лойиҳани маъқуллади. Сенат чоршанба куни буни муҳокама қилди.

Юқори палатада сўзга чиққан мухолифат қонунчилари ислоҳотлар пакети мамлакатни ўнлаб йиллар орқага қайтаришини айтди.

“Аргентинада бизни 100 йил орқага қайтарадиган қонун муҳокама қилинаётганига ишона олмаймиз”, - деди намойишчилардан бири, 55 ёшли ҳуқуқшунос Фабио Нуньес.

Натижада кечки пайт Сенат ислоҳот лойиҳасини умуман маъқуллади ва унинг муҳокамаси пайшанба куни давом этади.

Сенат томонидан маъқуллангандан сўнг, ҳужжат якуний тасдиқлаш учун қуйи палатага қайтарилиши керак.

Сўнгги хабарлар