Антарктидада 510 та ғайриоддий зилзила қайд этилди

ASTANA. Kazinform — Шарқий Антарктидадаги Давид музлиги остида сунъий интеллект ёрдамида олимлар 150 километргача бўлган чуқурликда 510 та ғайриоддий зилзилани қайд этди. Уларнинг келиб чиқиш сабаби ҳозирча номаълум.

Ақтаулық тұрғын Антарктидаға саяхат жасады
Фото: Руслан Чуров

Тектоник плиталар чегараларидан узоқ жойлашган ҳудуд учун бундай сейсмик фаоллик жуда кам учрайдиган ва ноодатий ҳодиса ҳисобланади.

Тадқиқот натижалари Science журналида эълон қилинди.

Таҳлил 49 та сейсмик станциядан тўпланган маълумотларга асосланди. Трансфер ўқитиш усулидан фойдаланувчи сунъий интеллект алгоритми бирламчи (P) ва иккиламчи (S) тўлқинларни ажрата олди, бу эса зилзилалар ўчоғини аниқ белгилаш имконини берди. Қайд этилган зилзилаларнинг магнитудаси 1,6 дан 3,5 гача бўлган.

“Плиталар ичида содир бўладиган ўртача чуқурликдаги зилзилаларни тушунтириш жуда қийин. Чунки юқори мантиядаги юқори ҳарорат ва босим шароитида тоғ жинсларининг мўрт тарзда ёрилиши камдан-кам учрайди”, — дейди тадқиқот муаллифлари.

Олимлар фикрига кўра, бунинг эҳтимолий сабаби ҳудуднинг геологик тузилиши хусусиятлари билан боғлиқ. Шарқий Антарктиданинг совуқ ва қалин плитаси ҳамда Ғарбий Антарктиданинг нисбатан юпқароқ ва илиқроқ плитаси ўртасидаги чегара юқори кучланиш ҳудудларини шакллантириши мумкин. Шунингдек, юқоридан муз қатламининг босими ва пастдан келаётган иссиқ мантия оқимларининг таъсири катта чуқурликда ёриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бироқ қайд этилган барча сейсмик ҳодисалар нима учун айнан Давид музлиги остида тўплангани ҳозирча номаълум. Чунки шунга ўхшаш геологик шароитлар Трансантарктика тоғларининг бошқа қисмларида ҳам учрайди. Олимлар бу ерда қўшимча маҳаллий омиллар таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.