Алматида Навоий ва Абай адабий меросига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Алматида Навоий ва Абай адабий меросига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди
Фото: Dunyo

ALMATY. Kazinform - Ўзбекистон олий таълим муассасалари делегациясининг Қозоғистонга ташрифи давомида Абай номидаги Қозоғистон миллий педагогика университетида "Навоий ва Абай: умуминсоний қадриятлар давомийлиги" мавзусида халқаро форум ўтказилди, деб ёзади Dunyo агентлиги.

Анжумандан кўзланган мақсад Алишер Навоий ва Абайнинг бой мероси орқали замонавий жамият тараққиётининг маънавий, тарихий ва фалсафий асосларини тарғиб қилиш, буюк мутафаккирлар меросини ўрганувчи жаҳоннинг етакчи олимлари ўртасида янги мулоқот ва ҳамкорлик платформасини яратишдан иборат.

Форум доирасида Навоий ижодига бағишланган профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ялпи мажлиси, "Алмати ўқувчилари ижодида шарқ нақшлари" кўргазмаси, Навоий марказининг тантанали очилиши, "Навоий жаҳон тилларида" китобхонлик танлови, шунингдек, "Алишер Навоий мероси: таълим, фан ва тарбия синергияси" халқаро илмий-методик семинари ўтказилди.

Абай номидаги Қозоғистон миллий педагогика университети ректори Болат Тилеп тадбирнинг тантанали очилиш қисмидаги нутқида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига ва мазкур тадбир илмий-академик ҳамжамиятни янада юксалтиришга янги суръат бағишлашини таъкидлади.

"Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида муваффақиятли ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этиш керак. Абай ва Навоий шарафига ташкил этилган бугунги форум ҳам бунга яққол мисолдир. Бизнинг умумий мақсадимиз – маънавий ва маданий қадриятлар давомийлигини ривожлантириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат олий таълим ва фан соҳасини модернизация қилишдир", - деди ректор.

Форум доирасида университетда Алишер Навоий маркази очилди. Ушбу марказ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданият ва таълим соҳасидаги яқин ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида ташкил этилди.

Иштирокчилар, шунингдек, икки мамлакат маданий мероси ва маънавий тараққиётининг муҳим жиҳатларини муҳокама қилдилар. Анъаналар ва маданий хилма-хиллик қадрланадиган баркамол жамиятни шакллантиришга хизмат қилувчи тарихий қадриятларни асраб-авайлаш ва ҳамкорлик қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Навоий ва Абай ижодининг жаҳон маданиятидаги адабий-бадиий йўналишлар ривожига таъсири, уларнинг умуминсонийлиги ва замонавий дунёда долзарблиги алоҳида қайд этилди.

Форум якунида ўзаро мулоқотни давом эттириш ва келажакда умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш бўйича аниқ ғоя ҳамда ҳамкорлик режалари таклиф этилди.

Сўнгги хабарлар