Алматида дизелли автобуслар сотиб олиш тақиқланади – Ерболат Досаев
Алматида дизелли автобус сотиб олиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Ерболат Досаев маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

“Жорий йилда шаҳар автобус парки 1150 та экологик тоза автобусга янгиланди. 2024 йилдан бошлаб хусусий ташувчилар томонидан дизелли автобуслар сотиб олишни тақиқлаш режалаштирилмоқда”, – деди Е.Досаев Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда.
Шу билан бирга, мегаполис ҳокими сўнгги 11 йил ичида биринчи марта 100 та троллейбус харид қилинганини таъкидлади. 2024 йилда яна 100 дона сотиб олиш режалаштирилган. Бу троллейбус паркини 100 фоизга янгилаш имконини беради.
“Алматида метро фаол ривожланмоқда. Жорий йилда қўшимча 3 та ҳаракатланувчи таркиб ишга туширилди. Ҳаракат оралиғи 5 дақиқа 38 сониягача қисқартирилди. Натижада метрода йўловчилар сони 100 минг кишига етди. Умуман олганда, 2023 йил якунларига кўра, жамоат транспортида йўловчилар сони кунига 1,5 миллион кишига кўпаяди”, – деди спикер.
Мегаполис транспортини яхшилаш мақсадида Буқтирма-Қулжа йўли очилди. 2024 йилда Қулжа тракти 6 полосалигача кенгайтирилади, Саин кўчаси ва Абай шоҳ кўчаси шаҳар чегарасигача узайтирилади, Сейфуллин-Жансугиров ва Саин- Мўнке Би йўллари қурилиши якунланади.
“Жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2024 йилда Алматига шаҳарнинг шимолий, ғарбий ва шарқий томонидан кираверишдаги йўлакчалар қурилиши бошланади. Бундан ташқари, келгуси йилда Райимбек шоҳ кўчаси бўйлаб Ахрименко кўчасидан Пушкин кўчасигача бўлган 9 км узунликдаги BRT, 2025 йилда Ахрименко кўчаси билан Абай кўчаси оралиғида яна 8 км узунликдаги BRT қурилиб, фойдаланишга топширилади”, – дея қўшимча қилди Е.Досаев.