Алихан Смаилов Қозоғистон халқига мурожаат қилди

әлихан смайылов
Фото: Алихан Смаилов/Facebook

ASTANA. Kazinform – Бугун ҚР Президенти фармони билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган Алихан Смаилов Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди.

“Ҳурматли Қозоғистон фуқаролари! Бугун Давлат раҳбари Қозоғистон Республикаси Ҳукумати истеъфосини қабул қилди. Аввало, Президент Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаевга муҳим даврда Қозоғистон Республикаси Ҳукуматини бошқаришга ишонч билдиргани учун миннатдорчилик билдираман. Ўтган икки йил жамият учун ҳал қилувчи давр бўлди. Давлат раҳбари янги “Адолатли Қозоғистон”ни барпо этишга қаратилган жуда муҳим сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлади. Ҳукумат мазкур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш борасида иш олиб борди. Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг биргаликдаги фаолияти билан қатор натижаларга эришилди. Ўтган йил якунларига кўра, иқтисодиётнинг ўсиши 5,1 фоизни ташкил этди”, – деб ёзди собиқ ҚР Ҳукумати раҳбари Facebookдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, барча асосий тармоқлар ижобий ривожланиш динамикасини кўрсатди. Инфляция икки баравар камайди.

Мамлакатга жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми кетма-кет икки йил давомида охирги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Унинг йиллик ҳажми 26-28 миллиард долларни ташкил этди.

“Миллий жамғарма маблағлари ўтган йили 4 миллиард долларга купайиб, 60 миллиард доллардан ошди. Рейтинг агентликлари миллий иқтисодиётнинг мустақил рейтинги ва инвестиция ишончлилигини тасдиқлади. Ҳукуматдаги барча ҳамкасбларимга, шунингдек, депутатлик корпусига биргаликда ва самарали фаолият олиб бораётгани учун самимий миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, ҳалол меҳнати билан юртимиз равнақига ҳисса қўшаётган ҳар бир қозоғистонлик инсонга миннатдорчилик билдираман”, – дея сўзини якунлади Алихан Смаилов.

Эслатиб ўтамиз, бугун Қозоғистон Ҳукумати истеъфога чиқди.

7 февраль куни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтади.

Сўнгги хабарлар