АҚШ БМТнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясига вето қўйди

ASTANА. Кazinform - Резолюция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 10 нафар доимий бўлмаган аъзолари томонидан ишлаб чиқилган. Унда Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган. Кенгашнинг АҚШдан ташқари қолган 14 нафар аъзоси резолюция учун овоз берди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

АҚШ БМТнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюциясига вето қўйди
Фото: UN News

Резолюцияда, шунингдек, Ғазо секторидаги барча исроиллик маҳбусларни “зудлик билан ва шартсиз озод этиш” талаб қилинади. Вашингтон Ғазода келишувсиз ўт очишни тўхтатиш талабига қарши чиқди.

АҚШнинг БМТдаги махсус вакили ўринбосари Роберт Вуд Нью-Йоркдаги сессияда овоз беришдан олдин, АҚШ фақат ўт очишни тўхтатиш доирасида гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб қилувчи резолюцияни қўллаб-қувватлашини айтди.

“Аввал бир неча бор таъкидлаганимиздек, гаровга олинганларни озод қилмасдан туриб, сулҳни қўллаб-қувватлай олмаймиз. Уруш гаровга олинганларни озод қилиш билан якунланиши керак. Бу икки муҳим мақсад чамбарчас боғлиқ. Резолюция бу заруратни инкор этди, шунинг учун АҚШ уни қўллаб-қувватлай олмади”, - деди БМТдаги АҚШ расмийси.

Умуман олганда, АҚШ ўт очишни тўхтатиш Ғазодаги барча гаровга олинганларни озод қилиш шарти бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон АҚШга вето ҳуқуқидан фойдалангани учун миннатдорчилик билдирди ва Байден маъмурияти "инсоният ва адолат тарафида" эканини айтди.

Фаластиннинг БМТдаги вакили ўринбосари Мажед Бамия эса чоршанба куни эрталаб бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида ўт очишни тўхтатиш кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишини айтди.

“Дунё бегуноҳ фаластинликлар, очликдан азоб чекаётган фаластинлик болалар, ўз фарзандларини олиб, бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлган оналарнинг ўлимига кўникмаслиги керак”, — деди Фаластин вакили.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ўтган октябрь ойида Исроил ҳарбий ҳужумларини бошлаганидан бери Ғазо секторидаги урушни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни тўртинчи марта блокламоқда.

Шунингдек, АҚШ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластинга БМТга тўлиқ аъзолик мақомини бериш резолюциясига вето қўйган эди.

Сўнгги хабарлар