Ақилбек Куришбаев: МФА илмни иқтисодиётга йўналтиришга аҳамият бермоқда
QYZYLORDА. Kazinform — Қизилўрда шаҳрида V Миллий қурултой доирасида ўтказилаётган секция йиғилишида ҚР Миллий фанлар академиясининг президенти Ақилбек Куришбаев илмни иқтисодиётга йўналтириш масаласини кўтарди.
Унинг айтишича, аввалги Миллий қурултойларда кўтарилган муаммолар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
— Эндиги масала — илмни иқтисодиётга йўналтириш. Бу йўналишдаги ишлар таҳлил қилинганда, илмий мавзулар иқтисодиёт талабига эмас, балки олимларнинг имкониятига қараб шаклланиши кўзга ташланади. Миллий фанлар академияси бунга форсайт усулини доимий режалаштириш воситасига айлантира олди. Икки йил ичида ҳудудий ва соҳавий сессиялар ўтказиб, 220 истиқболли вазифа ва 65 илмий-техникавий топшириқни тайёрладик. Илгари етарли эътибор берилмагани сабабли кўплаб илмий мактабларни йўқотдик. Шу муносабат билан Миллий фанлар академияси «Korea Institute of Science and Technology Information» ташкилоти билан ҳамкорликда «AI SilkNet» марказини ташкил этди. Бу бизга дунёдаги янги технологиялар ҳақида кенг маълумот олиш имконини беради. Илмдаги илғор технологиялар билан бир қаторда ўтган усулларни ҳам ушбу марказ орқали аниқлаб, ўзимизга фойдали бўлганини танлаб олишимиз мумкин, — деди у.
Ақилбек Куришбаев секция йиғилишида келгусида ушбу ташаббусни ривожлантириб, Марказий Осиёда фаолият кўрсатадиган ахборот марказига айлантириш мумкинлиги ҳақида таклиф билдирди.
— Ҳудудий илмни ривожлантириш ҳам — олдимизда турган катта масала. Мамлакатимиздаги олимларнинг аксарияти Астана ва Алмати шаҳарларида жамланган. Ажратилган маблағнинг катта қисми ушбу шаҳарлар улушига тўғри келади. Ҳудудий илм турли йўналишдаги қўллаб-қувватлашлардан ҳам четда қолмоқда, — деди Миллий фанлар академиясининг президенти.
У илмнинг иқтисодиётни ривожлантиришга таъсирини ошириш учун бу масалага жиддий эътибор бериш кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Қизилўрда шаҳрида V Миллий қурултой бошланди.